Ҳурмуз бўғозида 4 миллион баррел нефть ташиётган икки супертанкер портлади

Ҳурмуз бўғозида 4 миллион баррел нефть ташиётган икки супертанкер портлади

Ҳурмуз бўғозида 4 миллион баррелдан ортиқ хом нефть ташиётган икки супертанкерда портлаш ва ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Tasnim News нашри Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) денгиз кучлари матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Эрон томонининг маълум қилишича, бўғозга рухсатсиз кирган икки супертанкер денгиз минасига урилганидан кейин портлаган. Ҳодиса оқибатида кемаларда ёнғин бошланган. Айни пайтда улар Ҳурмуз бўғозининг жанубий қисмида ёнаётгани айтилмоқда.

ИИҚК матбуот хизмати баёнотида танкерлар Америка қирувчи самолётлари ва кузатув дронлари кўмагида бўғоздан яширинча ўтишга урингани таъкидланган. Портлашдан кейин кемалар ташлаб кетилгани билдирилган.

Эрон денгиз кучлари АҚШ ҳарбийлари билан ҳамкорлик қиладиган кемаларни Ҳурмуз бўғозида белгиланган йўналишлардан ташқарида ҳаракатланишдан огоҳлантирган. Баёнотда бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши айтилган.

Ҳозирча портлашлар мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани, танкерларнинг номи ва экипаж аъзоларининг тақдири ҳақида маълумот берилмаган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: