Калининградда илк бор ҳаво хавфи эълон қилиниб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга туширилди

Калининградда илк бор ҳаво хавфи эълон қилиниб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга туширилди

Калининград вилоятида учувчисиз учиш қурилмалари билан боғлиқ хавф сабабли ҳаво хавфи режими жорий этилди. Шу муносабат билан Храброво аэропорти самолётларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча тўхтатди.

Вилоят губернатори Алексей Беспрозванныхнинг маълум қилишича, Неман туманида Литва томонидан келган «шубҳали объект» сабаб огоҳлантириш тизими ишга тушган. «Мутахассислар барча зарур текширувларни ўтказди, ҳеч қандай хавф йўқ», — деб ёзди у ижтимоий тармоқларда.

Шунга қарамай, кўп ўтмай Россия Балтика флоти жойлашган Балтийск шаҳрида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Украинанинг Exilenova+ мониторинг канали маълум қилишича, шаҳарда ҳаво хавфи сиреналари бир неча бор ишга тушган. Маҳаллий аҳоли порт атрофида портлаш овозларини эшитганини билдирган.

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Калининград вилоятида ҳаво хавфи туфайли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга туширилгани ҳақида расман хабар берилмаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: