Зеленский: » АҚШ Европа давлатлари пулини тўлаган Patriot ракеталарини ҳам Украинага етказиб бермаяпти «
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ Европа ҳамкорлари томонидан ҳақи тўланган Patriot ракета-кесувчи тизимлари учун мўлжалланган ракеталарни етказиб беришга рухсат бермаётганини маълум қилди.
«Ҳамкорларимиз PURL дастури доирасида аллақачон ҳақини тўлаган Patriot ракеталарини етказиб беришга АҚШ рухсат бериши жуда муҳим. Шунингдек, баллистик ракеталарга қарши ракеталарнинг асосий манбаи бўлган PURL дастурига бадалларни давом эттириш ҳам муҳим», — деди Зеленский.
Президентнинг маълум қилишича, Россия бир ҳафта давомида Украина ҳудудига қарийб 2700 та дрон, 1460 га яқин авиабомба ва 165 та ракета учирган. Ракеталарнинг катта қисмини баллистик ракеталар ташкил этган. Улар орасида Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ва Россия томонидан нишонга аниқроқ йўналтириш учун такомиллаштирилган ракеталар ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, Ғарб оммавий ахборот воситалари Patriot тизимлари учун мўлжалланган ракеталарни етказиб беришдаги тўсиқлар фақат бир йилдан кейин бартараф этилиши мумкинлигини ёзмоқда.
