Бағдод Ироқ Курдистони нефть конларини назоратга олмоқчи

Бағдод Ироқ Курдистони нефть конларини назоратга олмоқчи

Бағдод Ироқ Курдистонидаги нефть конларини марказий ҳукумат назоратига ўтказмоқчи.

Ироқ бош вазири Али ал-Зайдий мамлакатнинг тўртта вилоятидаги нефть конларини бошқаришни федерал ҳукумат ихтиёрига ўтказиш бўйича топшириқ берди. Қарор Ироқ Курдистони раҳбариятининг кескин норозилигига сабаб бўлди ва Бағдод билан автоном минтақа ўртасидаги зиддиятни кучайтириши мумкин.

24 ноябрь, сешанба куни эълон қилинган қарор Дияла, Киркук, Салоҳиддин ва Найнава вилоятларига тааллуқли. У Ироқнинг давлатга қарашли Шимолий нефть компанияси томонидан қазиб олинадиган нефть маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ йирик эҳтимолий схемани текширишдан кейин қабул қилинган.

Ироқ давлат ахборот агентлиги ҳукумат разведка ҳисоботига таяниб хабар беришича, Киркук ва Сулаймониядан ноқонуний олиб чиқилган нефть Эронга, кейин эса Афғонистонга етказилган. Reuters агентлиги ушбу маълумотларни мустақил равишда тасдиқлай олмаганини қайд этган.

Ироқ Курдистони бош вазири Масрур Барзони Бағдоднинг нефть ресурслари ва чегара пунктларини бошқаришни марказлаштириш тўғрисидаги қарорини рад этиб, уни қабул қилиб бўлмайдиган чора деб атади. Унинг сўзларига кўра, федерал ҳукумат вакиллари аввалроқ мавжуд келишмовчиликлар Конституция асосида ҳал этилишини билдирган.

Айниқса, курд кучлари қўриқлаётган Хормала нефть кони масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Reuters билан суҳбатлашган вазиятдан хабардор манбаларга кўра, мазкур кон ҳам янги қарор доирасига киради. Бироқ курд ҳукумати уни бошқариш ҳуқуқини федерал Нефть вазирлигига топширишга қаршилик кўрсатиши мумкин.

Ал-Зайдий нефть объектларидан ташқари, Ироқ Курдистонидаги барча чегара ўтказиш пунктларини назорат қилишни ҳам федерал чегара хизматига топширишни буюрган. Автоном минтақа Туркия, Эрон ва Сурия билан чегарадош. Шунингдек, у минтақадан нефть ва нефть маҳсулотлари экспорти фақат федерал Нефть вазирлиги орқали амалга оширилишини талаб қилган.

Бағдод ва курд ҳукумати ўртасида нефть даромадларини тақсимлаш, экспорт ва ҳудудий назорат масалалари бўйича келишмовчиликлар кўп йиллардан буён давом этмоқда. 2017 йилда Ироқ Курдистони мустақиллиги бўйича ўтказилган референдум марказий ҳукуматнинг кескин қаршилигига сабаб бўлган. Шундан сўнг Бағдод Киркук ва бошқа баҳсли ҳудудлар устидан назоратни қайта тиклаган.

Таҳлилчилар фикрича, сентябрь ойида АҚШ ҳарбийларининг Ироқдан чиқиб кетиши курд раҳбариятининг марказий ҳукумат билан муносабатлардаги мавқеини заифлаштирган. Айни пайтда ал-Зайдийнинг янги қарорлари нафақат курд сиёсий кучлари, балки Эрон билан алоқадор нуфузли қуролли гуруҳлар манфаатларига ҳам дахл қилади.

Ироқ бош вазири ўз ҳаракатларини миллий бойликларни ҳимоя қилиш ва контрабандага қарши кураш зарурати билан изоҳлаган. Бироқ нефть саноати ва чегаралар устидан федерал назоратни кенгайтиришга уриниш Бағдод ҳамда Ироқ Курдистони ўртасида янги сиёсий ва конституциявий қарама-қаршиликни келтириб чиқариши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: