Украина НАТОга аъзолик эвазига Донбассдан воз кечишга мажбур бўладими?

Украина НАТОга аъзолик эвазига Донбассдан воз кечишга мажбур бўладими?

АҚШ Украинага НАТО аъзолиги эвазига Донбассни Россияга бериш таклифини муҳокама қилмоқда — WSJ.
АҚШ вакиллари Украина Донбасснинг Киев назоратида қолган ҳудудларини ҳам Россияга топшириши эвазига НАТОга аъзо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги таклифни Европа расмийлари билан муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) музокаралардан хабардор манбаларга таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ томони иккита эҳтимолий сценарийни таклиф қилган.

Биринчи сценарийга кўра, Украина НАТОга тўлақонли аъзо бўлиш эвазига Донбасснинг ҳозирда ўз назоратида бўлган қисмидан ҳам воз кечиши керак.

Иккинчи сценарий эса можарони амалдаги фронт чизиғи бўйича музлатишни назарда тутади. Бунда Донбасснинг бир қисми Украина назоратида қолади. Ушбу вариантда Киевга хавфсизлик кафолатлари АҚШ билан тузиладиган шартнома ва эҳтимол, Европа иттифоқчилари билан келишув асосида тақдим этилади.

Америкалик расмийлардан бири нашрга билдиришича, ҳозирда турли таклифлар муҳокама қилинмоқда. Якуний келишувга эришиш учун эса Украина ва Россиянинг розилиги талаб этилади.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳам мазкур масала музокаралар давомида кўтарилганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ томони: «Агар Украина НАТОга аъзо бўлса-чи? Украина Донбассдан воз кечадими?» — деган саволни ўртага ташлаган.

Зеленский бир неча бор Украина ўз ҳудудларини бериш ниятида эмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, унинг қайд этишича, ҳар қандай келишув Украина халқи томонидан маъқулланиши керак.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: