Макрон Россияни Европанинг тўрт давлатида провокациялар уюштиришда айблади
Франция президенти Эммануэл Макрон сўнгги 24 соат ичида Европанинг тўрт давлатида кузатилган ҳодисалар ортида Россия турганини таъкидлаб, Москвани тажовузкор ҳаракатларда айблади.
Макроннинг сўзларига кўра, Россиянинг Европа ҳудудидаги ҳаракатлари унинг халқаро майдонда янада яккаланишига ва Европа давлатлари ўртасидаги ҳамжиҳатлик кучайишига олиб келади.
Хусусан, Полша расмийлари мамлакатнинг жануби-шарқий қисмига Россияга тегишли иккита ракета ва учувчисиз учиш аппарати қулаганини маълум қилган.
Молдова президенти Майя Санду эса Россия дронлари мамлакат ҳаво ҳудудини бир неча бор бузганини билдирган.
Дания расмийлари украин-америкалик рэпер Киевстонерга суиқасд уюштиришга бўлган муваффақиятсиз уриниш учун Россияни жавобгар деб ҳисобламоқда.
Эстонияда эса дронлар ишлаб чиқарувчи корхонага ўт қўйиш режаси бартараф этилган. Мамлакат расмийлари ушбу ҳаракат ортида Россия ҳарбий разведкаси турган бўлиши мумкинлигини билдирган. Шундан сўнг Таллин Россия билан чегара орқали автомобил транзитини чеклашга қарор қилган.
Макрон Полша билан бирдамлигини, Дания ва Эстонияни эса қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг таъкидлашича, Россия Украинага қарши урушни давом эттириш ва Европанинг бошқа давлатлари ҳудудида ҳаракатлар олиб бориш орқали жиддий хавфга қўл урмоқда.
Шу билан бирга, Франция президенти мазкур тўрт ҳодиса қаторига Россиянинг Украинага берган оммавий зарбаларини киритмаган.
Жума куни кечқурун Россия қўшинлари Украина президенти Владимир Зеленскийнинг туғилган шаҳри — Кривой Рогга баллистик ракеталар билан ҳужум қилган. Украина расмийларига кўра, камида икки киши, жумладан, етти ёшли бола ҳалок бўлган, қарийб 30 киши жароҳатланган.
Жумага ўтар кечаси ҳам Украина ҳудудига юзлаб ракета ва дронлар учирилгани хабар қилинган.
