Трамп Путинни “дўстим” деб атаганди, Зеленский буни танқид қилди

Трамп Путинни “дўстим” деб атаганди, Зеленский буни танқид қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Хитойда Владимир Путинни “дўстим” деб атаганидан сўнг Украина президенти Зеленский бунга кескин муносабат билдирди. Зеленский Россия раҳбарини “Украина учун душман” деб атаб, бундай муносабат Путинга босимни сусайтиришини таъкидлади.

«Президент Трамп Путинни қандай аташни ўзи ҳал қилади. Албатта, биз учун у душман. Албатта, биз учун у одамларнинг ҳаётига зомин бўлаётган шахс. Ўйлайманки, дунёдаги аксарият одамлар ҳам уни шундай деб ҳисоблайди. Чунки у одамларни ўлдирмоқда. Қолаверса, у ҳар куни, ҳар кеча одамларни ўлдирмоқда», — деди Украина етакчиси.

Володимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин нафақат ҳарбийлар, балки тинч аҳоли вакилларининг ҳам ўлимига сабаб бўлаётганини таъкидлади.

«Россия жорий йилда Украинага қарши қарийб беш йил аввал бошлаган уруши давомида жанг майдонида муваффақиятга эриша олмаган. Россиянинг босқинчи қўшинлари иккита ҳужум операциясини ҳам муваффақиятсиз якунлаган. Айнан шунинг учун улар тинч аҳолини ўлдиришга, энергетикамизга, муҳим инфратузилма объектларига, барча кўприклар ва темирйўл станцияларига оммавий ҳужумлар уюштиришга қарор қилди. Бундан ташқари, мактаблар ва черковлар ҳам нишонга олинмоқда», — деди Украина президенти.

Зеленскийнинг таъкидлашича, айнан шу сабабли Путинни “ҳамкасб”, “дўст” ёки шунга ўхшаш сўзлар билан аташ унинг ўз ҳаракатлари учун жавобгарлик ҳис қилишини сусайтиради.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: