Польша Украина билан чегарада ҳаво ҳудудини ёпмоқчи
Польша шарқий чегараси бўйлаб янги парвозлар тақиқланган ҳудудни ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу орқали ҳарбийларга ҳаводан келадиган таҳдидларга тезкор жавоб қайтариш учун кенгроқ имконият яратиш кўзда тутилган.
Мамлакат мудофаа вазири ўринбосари Цезарий Томчикнинг маълум қилишича, чекловлар декабрь ойи охири ёки январь бошида кучга кириши мумкин. Айни пайтда Варшава НАТО иттифоқчиларини Россия ракеталари альянс ҳудуди томон йўналтирилган тақдирда, уларни ҳали Украина ҳаво ҳудудида бўлган вақтидаёқ уриб туширишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда.
Янги парвозлар тақиқланган ҳудуд чегарадан бир неча ўн километр масофада жойлаштирилиши режалаштирилган. Ҳозирнинг ўзида чегараолди ҳудудларида муайян чекловлар амал қилмоқда: кундузи тахминан уч километргача баландликда парвоз қилиш тақиқланган, тунда эса айрим истисно ҳолатлардан ташқари парвозларга деярли тўлиқ чеклов жорий этилган. Варшава шунга ўхшаш чораларни НАТОнинг бутун шарқий чегараси бўйлаб жорий этишни ҳам таклиф қилмоқда.
Россия ракеталарини Украина ҳаво ҳудудида уриб тушириш ташаббуси душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган НАТО элчилари учрашувида муҳокама қилинган. Бундай қадам альянснинг мудофаа ҳаракатлари Украина ҳудудига ҳам ёйилишини англатади ва Россия билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув хавфини юзага келтириши мумкин.
Ташаббусни амалга ошириш учун, эҳтимол, Киевнинг Украина ҳаво ҳудудидан фойдаланишга розилиги ҳамда альянсга аъзо барча давлатларнинг якдил қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Ҳозирча бундай келишувга эришилмаган.
Варшава ушбу ташаббус бўйича саъй-ҳаракатларини ўтган ҳафта Россиянинг учта қанотли ракетаcи Польша ҳудудига тушганидан кейин фаоллаштирди. Мамлакат бош вазири Дональд Туск ушбу ҳодисани мақсадли провокация деб атаган.
