Тошкент давлат иқтисодиёт университети ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда АҚШ, Жанубий Корея, Ирландия, Туркия ва бошқа давлатлардан хорижий экспертлар иштирок этди
Жорий йилнинг 17-18-май кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университети ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида “Миздакхон – муқаддас ва сирли маскан” номли халқаро ёшлар фестивали ўтказилди. Фестивал доирасида “Маданий хабардорликни ошириш ва экологик барқарор туризмни ривожлантириш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ҳам бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда университет Ахборот хизмати.
Мазкур илмий-амалий анжуманда маҳаллий мутахассислардан ташқари, эколог ҳамда туризм бўйича экспертлар: ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади, АҚШ, Жанубий Корея, Ирландия, Туркия ва бошқа давлатлардан ҳам иштирок этди. Мутахассислар ўз маърузалари билан Қорақалпоғистон туризмини ривожлантириш борасида амалий таклифларни илгари сурди.
– Қорақалпоғистон халқи меҳмондўст, мўтадил табиати эса туризм салоҳиятини ошириш йўлида истиқболли ислоҳотларга кенг имкониятлар очмоқда. Бугун ташкил қилинаётган фестиваль ҳам айнан асраш йўлида аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилганлиги катта ташаббус ҳисобланади, – дейди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади.
Тадбир якунида агротуризм, экотуризм бўйича таклифлар умумлаштирилиб, фикр алмашилди. Томонлар ўртасида ҳамкорлик масалалари бўйича келишувларга эришилди.