Шимолий Корея яна Жанубий Кореяга ахлат тўлдирилган шарларни учирди
Шимолий Корея мамлакат етакчиси Ким Чен Ин танқид қилинган варақалар тарқатилишига жавобан Жанубий Кореяга яна гўнг ва ахлат тўлдирилган шарларни учирди. Бу ҳақда «Ёнҳап» агентлиги Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб хабар берди.
«Бирлашган штаб бошлиқлари инсонларга шарларга яқинлашмаслик ва улар ҳақида яқин атрофдаги ҳарбий ёки полиция идораларига хабар беришни тавсия қилди, шунингдек, ҳаво шарлари жароҳат етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди», дейилади манбада.
29 май куни Шимолий Корея Жанубий Кореяга ахлат билан тўлдирилган 150 дан ортиқ шар жўнатганди. Бундан бироз олдин Шимолий Корея расмийлари Сеул томонидан ташвиқот материаллари, жумладан, Ким Чен Инни танқид қилган варақалар тарқатилишига жавоб беришларини эълон қилганди.