Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (7-қисм)
Машина тоғ оралаб анча юрди. Кейин тераклари роса баланд ўсган бир масканда тўхтади. Шу ерда булоқ бор экан. Шу ерда яна иккита иморат ҳам бор экан. Директор уларни меҳмонхона деди. Меҳмонларини доим шу ерга олиб келаркан. Меҳмонхонада ҳамма егулик ва ичгуликлар бадастир экан. Бунисини директор айтмади. Собирнинг ўзи гувоҳ бўлди.
Меҳмонхона қоровули, ошпази, хизматчиси битта одам экан. Директорни кўриши билан югуриб қолди. Ҳамдам унга ёрдам берди. Бирпасда иккаласи булоқ бўйига жой қилишди. Дастурхонни тўлдиришди. Раис бўйни узундан очмоқчи бўлганида Собир кўнмади.
— Унда бундай қиламиз. Менинг «чойим» энг нозик ва қадрли меҳмонларим учун. Ана шундан бир чойнак кўрамиз. У ҳам шифо, ҳам белга қувват беради… Аммо бунисини ошпазга ўзим тайинлашим керак. Бировдан айттирсам ҳам қилмайди. Чунки шундай деб тайинлаб қўйганман-да.
Орадан ҳеч қанча ўтмай, ўша «чой» келтирилди. Директор «чой»ни иккита косага тўлдириб қуйди.
— Қани, битта-битта олайлик…
Собир ҳеч қачон бундай нарса ичиб кўрмаганди. Аммо бу нималарга олиб боришини яхши биларди. Шу боисдан бунисини ҳам қайтарди.
— Битта гапни айтаман сенга. Бу сен ўйлаган нарса эмас. Мана, масалан, узум энг зўр мевалардан биттаси. Лекин уни қайта ишласанг нима бўлади? Вино. Бу ҳам худди шундай. Шифоси зўр, кайфиятни ҳам зўр кўтаради. Аммо қайта ишлангани ўлдиради. Одамгарчиликдан чиқариб юборади.
Собирнинг хаёлига бирдан Саида келди…
Уни нашаванд қилиб ташлашганди. Ҳали ўзидан ёши катта куёвидан синглисининг аҳволи ҳақида сўрамади. Сўрашга ботинолмади…
Директор косадаги суюқликни сипқорди. Сўнг лаб-лунжини артди-да:
— Хўп ажойиб нарса-да. Ол, ич, — деди.
Таъми чойникидан сал бошқачароқ бўлган ичимлик Собирнинг томоғидан силлиқ ўтди.
— Ана, — деди директор кулиб, — бошқа ичилмайди. Энди еймиз. Ейиш билан бирга гаплашамиз. Қани, гўштдан ол. Бу қоровулнинг қўли жудаям ширин. Овқатни қийиб ташлайди. Неча марта бу ерга меҳмон олиб келган бўлсам, бирортасида ҳам уялтириб қўймаган.
Гўшт юмшоқ пишган, мазали эди. Еган сайин егинг келаверарди. Айниқса, анавиндан кейин иштаҳанг буткул очилиб, ҳўкиз бўлса, еб қўяман, деган хаёлга борасан.
— Шу пайтгача, — деди бир муддатдан сўнг директор ва Собирга тикилди, — одамлардан сен ҳақингда кўп гаплар эшитдим. Агар учратишимни билганимда эшитмасдим. Ўзингдан билиб олиш қизиқроқ-да.
— Яхшиси, сўраманг. Мен азобларни қайта эслашни хоҳламайман… Агар мени деб укам, энам, отам ўлиб кетишини билганимда эди, ўлдиришларига қўйиб берардим, — дея Собир ҳали бошланмаган тарих ҳикоясига нуқта қўйди.
— Бўлди, унда гапирма… Шунчаки қизиқиш устида сўрадим-да. Ростини айтганда, мендан бошқалар ҳам сени кўрганидан кейин ёпишиб қолишса керак.
— Жа, унчалик эмас. Лекин шунга яқинроқ…
— Тушунарли. Унда менга айт, дунё қандай?..
— Дунёми? — дея Собир қўлидаги гўштни қайтиб лаганга қўйди. — Дунёнинг ҳаммаёғи ёлғон. Ақлли лўттибозлар ҳамма жойда маишатларини қилиб яшашяпти… Аммо бир жойларда уларда сал-пал инсоф бор. Шулардан биттаси Германия. Ҳақиқий немислар ёлғон гапирмайди. Кейин нима ваъда беришса, ваъдаларининг устидан чиқишади. Лекин аралашганларга ишониб бўлмайди. Айтмоқчиманки, бир томони немис, иккинчи томони бошқа бўлганлар алдашади. Энди жудамас, ҳар қалай, жойи келса, секингина панд бериб кетишади. Айниқса, яҳудийлар. Мен шу пайтгача яҳудийларнинг бирортасининг ҳам биров учун бир нима қилганини билмайман.
— Энди яҳудийларни қўяверасан. Улар гўрдан кафан олиб чиқишмаса, ўзларини бир бало қилиб қўйишади. Аммо-лекин дунё бузилди. Яхшигина бузилди. Ким шундай ка-а-а-т-та давлатни бўлиниб-бўлиниб кетади, деб ўйлабди? Лекин шу билан бирга инсоф ҳам кундан кунга орқага кетяпти. Бошқа жойни қўйиб тур, ўзимизда ҳам яқинда одамлар саломниям пул эвазига беришмасайди, деб қўрқаман. Директорларни бировлар ифлос дейишади. Қорни катта, еб тўймайдиган дейишади… Ишқилиб, қоп-қора бўёққа бўяб ташлашган бизни. Лекин унчалик ҳам эмас. Энди тўғри, қўли текканнинг оғзи ҳам тегади. Унча-мунча бўлиб туради. Буни ҳаммадан яширсам ҳам, сендан яширмайман. Лекин, ука, ҳозир шундай бир замон бўлиб қолдики… Эй-й, — деди директор ва асабийлашган кўйи чўнтагидан носқовоғини олди ва бир чимдим нос ташлади тилининг тагига.
Собир директорнинг соддалигини, далли-ғуллилигини билди. Аммо шу билан бирга у виждонли эди. Директор бармоқлари билан сочини орқага тараб қўйган бўлди-да, оғзида нос билан гапини давом эттирди:
— Бизнинг замонамиз ўтган кўринади. Лекин агар шундай бўлса, ҳокимларнинг боши балодан чиқмай қолади. Мана, кўрасан, ҳозир халқ директорларни нима деб айблаётган бўлса, ўша замонда ҳокимларни худди шундай айблашади. Қорни катта еб тўймас, ҳаммаёқни сотиб юборди ва ҳоказо. Шунга қайсидир маънода совхоз, колхозларнинг тугаб бораётганига ачинмайман. Аммо мол-мулкини сақлаб қолиш керак эди. Агар юқоридан «Фалон жойда омбор қилинглар, колхозлар, совхозлар бор техникаларини олиб бориб, шу ерга топширсин», дейишмаганида, менинг совхозимдан игна ҳам бошқа ёққа чиқиб кетмасди… Энди нима қилай?.. Бир жойларга йўқ бўлиб кетмасин, ҳарна ўзимизнинг одамларда қолсин, деб янгиларини бировларга сотиб юборяпман. Эскиларини шундай бериб юборяпман… Эй-й, ишқилиб, охиридан суюнтирсин.
Директор шундай деганидан кейин ўйга толиб қолди. Нигоҳи дастурхонда эди. Пешонаси тиришган эди. Аммо хаёли бошқа ёқда эди. У шу аҳволда анча муддат ўтирди. Қошлари чимирилди. Кўзлари қисилди. Пешонасидан тер ҳам чиқа бошлади. Собир мутлақо безовта қилмади. Ҳатто ўзини эътибор бермаётгандай тутди. Майли, қийналсин, эзилсин, деди. Унинг назарида директор қилиб қўйган ишларидан қийналаётгандай эди. Аслида ҳам, шундай. Чунки директор кўп марта пора берарди. Шунга маҳкум эди у. Агар пора бермаса, уни бир кун ҳам ишда қолдиришмасди. «Ставка» бор эди. Олдинига райкомнинг ставкаси, кейин ҳокимники…
— Эҳ, нима ишлар бўлиб кетмади? — деди охири у. — Бир куни эшон тўрамнинг ёнига бордим. Эшон тўрам бир ўзи яшайди. Хотини ўлганидан кейин уйланмаган. Эшон тўрамнинг умуман боласи бўлмаган. Эшон тўрам Қумқўрғон қишлоғида, масжидда яшайди. Жуда тўғрисўз одам. Бетинг-кўзинг, демайди… Тўғриси, Эшон тўрамдан қўрқаман. Қўрқардим. Тўғри ёнига бордим. Йиғладим. Оёғининг остига ётмоқчийдим. Қўймади. Ҳатто бир тепди. «Менинг оёғимнинг остига ётиб, мени гуноҳга қўйма», деди. Мен бўлсам, қилмишимни гапирдим. «Нима қиламан?» дедим. У менинг кўнглимни кўтарди, «Тавба қил. Шайтон бўлма», деди. «Шайтонгина умидсиз. Шайтонгина борадиган жойини аниқ билади», деди… Ҳамма нарсамни одамларга тарқатиб юбордим. Кичкина ўғлим юридическийда ўқийди. «Ўқима, сени пора билан ўқишга киргизиб қўйганман», дедим. Лекин у ўқийман, деб туриб олди. «Мен сенга бир тийин ҳам бермайман. Қандай қорнингни тўйғазасан, устингга нима сотиб оласан, ишим йўқ. Лекин ўғирлик қилсанг, бировга зўравонлик қилсанг, йўлтўсарлик билан шуғуллансанг, терингни шилиб оламан, оқ қиламан», дедим… Ўғлим ҳозир мардикор бўлиб ишлаётган экан… Шуниси менга ҳам маъқул тушди. Ўтган ҳафтада ҳоким билан уришиб қолдим. «Доля бермаяпсан», деди. Мен »Амалингниям, бошқа нарсангниям ол», дедим… Совхозни текширув босса керак, деб ўйлагандим. Лекин ҳеч ким мени безовта қилмади. Ҳокимнинг ёнига бордим. У юравер, деди. Афтидан, кимдандир дакки эшитган бўлса керак, деб ўйладим. Аммо ундай эмас экан, касал бўлиб қолибди. Ранги сарғайиб кетган. Жигари тамом бўлган эмиш, деб эшитдим… Орадан бир ой ўтиб ҳоким ёнига чақирди. «Ҳолимдан хабар олмайсан. Ўлиб қоламанми, деб ўйлагандим. Ажалнинг олиб кетишига бир бахя қолди», деди… Шундан кейин яна ҳоким билан апоқ-чапоқ бўлдим. Буни қарангки, умуман мендан «доля» олмай қўйди. Кейин билсам, бошқалардан ҳам олмаётган экан. Лекин ўринбосарлар ҳали ҳам ўпқон…
Директор сўзлашдан тўхтади. Ўша қип-қизил «чой»дан яна бир косасини сипқориб юборди. Кейин иштаҳа билан овқатланишга тушиб кетди…
Вақт шомга яқинлашиб қолганди. Кимдир рациясини кўтариб келиб қолди. Ҳоким бува сўраётган экан. Тезда етиб келсин, дебди. Юқоридан катталар келишаётганмиш…
— Эҳ, — деди директор тиззасига уриб, — маза қилаётгандим. Тўкилаётгандим. Яна шундай… Эй-й, майли, бу ёққа келяпсан-ку, насиб этса, сен билан яна кўришамиз…
Ўзи Собир безовталана бошлаганди. Чунки машинани эгасига олиб бориб бериши керак. Самандар «йўқ бўлиб кетдинг», демайди. «Мени хавотирга қўйдинг», демайди. Аммо, барибир, эртароқ етказиши керак…
Собирни Эгамқул аканикида қолдиришди. Саида шўрва тайёрлаб турган экан. Собир узр сўради. Кейин «Ҳали сенинг овқатингни кўп ейман, манави дардисарни, — дея «Москвич»ни кўрсатди, — эгасига эртароқ олиб борай, яна кўчага излаб чиқмасин», деди ҳазиллашиб…
Самандарга хотини: «Бу жўрангиздан ҳамма қочиб юрибди, сиз бўлсангиз, машинани бериб юбордингиз, энди парвоингиз фалак, бутингизни кўтариб ётибсиз. Уйига боринг, суриштиринг, у сотворишдан ҳам тоймайди», дея кўп минғирлаганди.
— Ўчир овозингни! — деди Самандар ва шундай ўқрайган эдики, хотини елкасини қисиб қолди.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.