Ўзбекистонда электромобилни уйда қувватлашни рағбатлантирувчи тунги тариф жорий қилинади
Ўзбекистонда электромобилни хонадонда қувватлашни рағбатлантирадиган тунги тариф жорий қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни бўлиб ўтган энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Қувватлаш ускунасига ҳисоблагич ўрнатган аҳолига тунги вақтда қувватлаганлик учун арзон тариф қўлланади.
Йиғилишда мамлакатдаги электромобиллар сони охирги уч йилда 10 баравар ошиб, 35 мингтага етгани айтилди. Айни вақтда эса Жиззах вилоятида BYD автомобиль заводини ишга тушириш режалаштирилган. 2024 йилда майда узелли йиғиш усулида ишлаб чиқариш қувватини 50 мингтага, кейинчалик эса 500 мингтагача етказиш кўзланган.
Президент шу муносабат билан электр тизимини ривожлантиришда янги зарядлаш қувватларини ҳисобга олиш зарурлигини қайд этиб ўтди.
Қайд этилишича, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофида 22 киловаттгача, хонадонда 7 киловаттгача зарядлаш станцияси ўрнатишга рухсат берилиши ҳам белгиланмоқда. Шунингдек, давлат ташкилотлари, савдо маркази, меҳмонхона ва дам олиш масканлари автотураргоҳларида ҳам қувватлаш станцияси ўрнатилади.