Тизза билан тиззанинг фарқи!..

Тизза билан тиззанинг фарқи!..

Бир куни тулки дарё қирғоғида турган туядан сўради:
— Дарё сувининг чуқурлиги қанча экан?
Туя жавоб берди:
— Тиззагача экан.
Тулки дарёга тушди. Тушиши биланоқ сувга чўка бошлади. Чунки, сув уни бутунлай кўмиб қўйган эди. Кўп машаққат чекиб бошини сувдан чиқарди ва зўрға дарёнинг ўртасидаги катта харсанг тошга чиқиб олди. Бироз хансираши босилгач, туяга қарата ғазаб билан бақирди:
— Сен менга сувнинг чуқурлиги тиззагача демаганмидинг?!
Туя бунга жавобан:
— Тўғри, шундай дедим. Сув менинг тиззамгача етганди-да…
Туя билан тулкининг бўйи орасида фарқ бор, албатта. Сиз ҳам ҳаётингиздаги бирор иш юзасидан бировдан маслаҳат сўраётганингизда у сизга ўзига фойдаси теккан ва ўзи тажриба қилиб кўрган доирадагина маслаҳат беради. Ва кўпинча айтаётган маслаҳатлари ўзигагина мос ва муносиб бўлади, сизга эса тўғри келмаслиги мумкин. Шунинг учун бошқанинг ўзига хос бўлган тажрибасини ўз муаммонгиз учун асосий ечим ёки қатъий ҳукм қилиб олманг! Чунки, у ечим сизни тулкига ўхшаб ғарқ қилиши мумкин. Сиз бир иш қилмоқчи бўлсангиз, аввало, Аллоҳга истихора қилиб номоз ўқинг, кейин ота-онангиз, яқинларингиз ва тажрибали кишилар билан маслаҳатлашинг, улар берган маслаҳатлардан фойдаланган ва истихора натижасига суянган ҳолда қарор қабул қилинг!
ХУЛЛАС, тиззангизга қараб сувга тушинг ёхуд “тиззаси”га қараб маслаҳат сўранг…
 Жаноб Камина
Дўстларингизга ҳам юборинг: