27 қаватли саройда бўлиб ўтадиган дабдабали тўй тантанаси: унга дунёнинг энг бадавлат ва машҳур инсонлари келади (фото)

27 қаватли саройда бўлиб ўтадиган дабдабали тўй тантанаси: унга дунёнинг энг бадавлат ва машҳур инсонлари келади (фото)

Осиёдаги энг бадавлат одамнинг ўғли Анант Амбани ва миллиардерларнинг қизи Радика Мерчантнинг тўйи 12-14 июль кунлари куёвнинг уйида, Мумбайда жойлашган 27 қаватли саройида ҳамда ўз ичига 16 000 дан ортиқ одамни сиғдира оладиган “Jio World Family Convention Center”да бўлиб ўтади.

CNN маълумотларига кўра, бундай мегалойиҳа одатда 9 ойдан 12 ойгача тайёргарлик ишларини талаб қилади ва мазкур тўйга 40-45 га яқин йирик агентликлар ва ҳамкорлар жалб қилинган. Алоҳида жамоалар чипталарни брон қилиш, кўнгилочар тадбирлар сценарийси, логистика, хавфсизлик ва бошқа вазифалар билан шуғулланади.

5 июль жума куни миллиардерлар Анант Амбани ва Радика Мерчантнинг тўйдан бир ҳафта олдинги Сангит номли миллий маросими бўлиб ўтди. Шоу ва катта концертга айланиб кетган маросимда дунёга машҳур санъаткорлар, жумладан, Жастин Бибер, Адел, Лана Дел Рей кабилар ҳам бор эди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Бибер бир неча соатлик шахсий концерти учун 10 миллион доллар ҳақ олган.

Сангит — Ҳиндистонда тўй олдидан рақсга тушиш, қўшиқ куйлаш ва қариндошлар билан совғалар улашишдан иборат анъанавий маросим бўлиб, тадбир Мумбайдаги “Нита Мукеш Амбани” маданият марказида бўлиб ўтди. Тармоқларда Амбанилар оиласи биргаликда рақс тушган видеоси вирусдек тарқалиб кетди.

Сангит маросими бошланишидан аввал эрталаб журналистлар билан суҳбатлашишдан бош тортган Жастин Бибер камераларга тушиб қолган эди.

Аввалги тадбирларда бўлганидек, эр-хотин байрам кунидан ҳеч қандай фотосуратлар ва видеоларни тармоқларга жойлаштирмади, бироқ унга ташриф буюрган меҳмонлар интернетга бир нечта видеоларни жойлади ва улар қисқа муддатда тарқалиб кетди.

Сўнг Анант ва Радика оиласи ва дўстлари билан Ўрта Ер денгизи круизига кетди. Улар Кети Перри, Pitbull ва Backstreet Boys каби таниқли хонандалар иштирокидаги концертларни ўз ичига олган Европа бўйлаб 5 кунлик саёҳатни бошлади.

Миллиардерларнинг йил тўйига тайёргарлиги жорий йил март ойидан бошланди. Баҳорда ўтказилган уч кунлик тадбирда Рианна (7 миллион АҚШ доллари эвазига), Марк Цукерберг, Билл Гейтс, Канада собиқ бош вазири Стефан Харпер, Австралия собиқ бош вазири Кевин Рудд, Дисней бош директори Боб Игер, Иванка Трамп ва бошқа кўплаб таниқли инсонлар меҳмон бўлди. Экспертлар ҳисоб-китобига кўра, бундай тадбирга тахминан 130 миллион доллар сарфланган.

Айни дамда дабдабали тўйга ҳозирлик кўраётган Амбанилар оиласи бойликларини намойиш қилиш борасида танқидларга кўп учради. Шунинг учун куни кеча улар шаҳардаги 50 нафар жуфтлик учун оммавий тўй ўтказиб, уларга заргарлик, уй-рўзғор буюмлари ва бир йилга етадиган озиқ-овқатни совға қилишди:

Эслатиб ўтамиз, Мукеш Амбани 111 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи соф капитали билан Осиёдаги энг бой одам ва дунёдаги энг бадавлат кишилар рўйхатида 11-ўринда туради.

66 ёшли магнат отаси Дҳирубҳай Амбани асос солган “Reliance” концернини бошқаради.

Унинг бизнеси нефтни қайта ишлаш, чакана савдо, телекоммуникация, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва рақамли платформа хизматларини тақдим этишни ўз ичига олади.

Унинг ўғли Анант Амбани — “Релианcе” компанияси бўлимларидан бирининг директори. Ўтган йилнинг январь ойида у отасига қарашли “Энcоре” фармацевтика компаниясининг директорлар кенгаши аъзоси бўлган Радика Мерчантнинг қўлини сўраганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: