Исроил ташқи ишлар вазири Туркияни НАТОдан чиқариб юбориш ниятида
Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац 29 июль куни берган баёнотида Туркияни НАТОдан чиқариб юборишга чақирган. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири сўзларидан иқтибос келтириб, Reuters нашри хабар берди.
Исроил Кац Туркия ҳукуматини НАТО мақсадларига мос келмайдиган баёнотлар бериш ҳамда айрича сиёсат юритишда айблаган. Анқаранинг позицияси НАТО ичида кескинлик шакллантираётгани айтилган.
Исроил расмийсининг бундай кескин муносабатига Туркия президентининг сўнгги баёноти сабаб бўлган. Ражаб Тоййиб Эрдўғон унинг мамлакати ўтмишда Ливия ва Тоғли Қорабоғга кирганидек Исроилга ҳам кириши мумкинлигини айтган.
“Туркия Президенти Эрдўғоннинг Исроилга бостириб кириш таҳдиди ва унинг хавфли риторикасидан келиб чиққан ҳолда, ташқи ишлар вазири Исроил Кац дипломатларга НАТОнинг барча аъзолари билан зудлик билан алоқага чиқиш тўғрисида кўрсатма берди. Исроил Туркия хатти-ҳаракатларини қоралашни ва уни минтақавий альянсдан чиқариб юборишни талаб қилди”, дейилади Исроил Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
Исроил вакиллари Туркия позициясини Эронга яқинлашув дея баҳолаган. Радикал оқим тарафдори бўлган мамлакатни эса Ғарб блоги таркибида олиб ўтиришдан маъно йўқлиги айтилган.
“Исроилга қарши террорчилик ҳужумлари учун жавобгар бўлган ҲАМАС раҳбарларига мезбонлик қилаётган Туркия Ямандаги “Ансоруллоҳ”, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” билан бир қаторда Эрон жиноий уюшмасига аъзо бўлган”, деган Исроил расмийлари.
НАТО раҳбарияти Туркияни аъзоликдан чиқариш масаласига ҳали ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Исроил дипломатлари альянс бош офиси билан қизғин мулоқотда экани хабар берилган.