Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатилди
Унинг ўрнига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этилди. Бу 17 октябрь куни қабул қилинган Президентнинг “Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгилаб қўйилди.
Фармонга кўра, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси Миграция агентлигига ўтказилиб унинг негизида Миграция жамғармаси ташкил этилади. Агентлик ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва мазкур соҳада давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
2025 йил 1 январдан:
Агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ назорат тадбирларини ўтказишга рухсат этилади;
Агентлик зиммасига у томонидан ўтказилган ҳар қандай текшириш натижаси бўйича тузилган баённомалар, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари сони ва хусусияти ҳақидаги маълумотларни мажбурий тартибда 5 кунда “Хорижда иш” электрон дастурига жойлаштириб бориш мажбурияти юкланади.