Тиббий суғуртани жорий этишимиз лозим – Сайёра Имамова

Тиббий суғуртани жорий этишимиз лозим – Сайёра Имамова

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатаси депутатлигига қўйилган номзод Сайёра Имомова сиёсий партиялар иштирокидаги теледебатда қуйидаги фикрларни билдирди:

«Халқ демократик партияси тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришда тиббий суғуртани жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, Кексаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш, “Хоспис хизматини кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, биз фармацевтика соҳасида давлат назоратини кучайтириш, дори-дармон ва протезлаш воситалари ҳамда бошқа тиббий-ижтимоий хизматлар нархларини тартибга солишни илгари сурамиз.

Бу борада “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш,ижтимоий дорихоналар фаолиятини янада такомиллаштириш, дори воситаларининг рекламасини буткул тақиқлашни таклиф қиламиз.

Шунингдек, партиямиз мамлакатни хавфсиз ва экологик барқарор ҳудудга айлантиришга қаратилган бир қатор вазифаларни белгилаб олган.

Хусусан, биз сувдан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун Сув кодексини қабул қилмоқчимиз.

Кўп қаватли уйларга туташ майдонларда кексаларнинг фаол дам олиши ҳамда жисмоний машқлар учун “Саломатлик боғлари”ни ташкил этишни ҳам мақсад қилганмиз.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш масалалари ҳам партиямизнинг доимий эътиборидадир.

Ҳомиладор ва қарамоғида вояга етмаган болалари бор аёлларга масофавий ишлаш имкониятларини кенгайтириш орқали уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кўпайтиришни ҳам мақсад қилганмиз».

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: