АҚШ Украинадан Россияга ҳужумларни бас қилишни сўради
АҚШ ҳукумати Украинани Россия энергетика инфратузилмаларига ҳужумларни бас қилишга чақирган, деб хабар беради Financial Times вазиятдан хабардор манбаларига таяниб.
Нашр суҳбатдошларига кўра, Вашингтон Россия нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар томонидан қилинаётган ҳужумлар жаҳон бозорида нефт нархи ошишига олиб келиши, шунингдек Москва томонидан жавоб чоралари кўрилишига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.
Америка маъмурияти бу ҳақда Украина хавфсизлик хизмати ва Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармасининг юқори мартабали мулозимларини бир неча бор огоҳлантирган, деб ёзади FT. Ушбу икки бўлинма кенг кўламли уруш бошидан буён Россиянинг қуруқликдаги, денгиздаги ва ҳаводаги нишонларига зарбалар бериш бўйича ўз дрон дастурларини мунтазам равишда кенгайтириб келмоқда.
Нашр манбаларидан бирининг айтишича, Оқ уй айниқса украин дронларининг Россия ғарбидаги нефтни қайта ишлаш заводлари, терминаллар ва омборхоналарга ҳужумларидан норози бўлмоқда.
Вашингтон шунингдек Москванинг давомли ҳужумларга эҳтимолий реакциясидан ҳам хавотирда. Оқ уйдагилар ҳисоблашича, бунинг натижасида Ғарб таянадиган энергетик инфратузилмалар — масалан, Қозоғистон нефти етказиб бериладиган Каспий қувур консорциуми шикастланиши мумкин.