Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (9-қисм)
У отаси билан тезда кўришиши керак эди. Бироқ нияти амалга ошмай қолди. Олдинига ўзининг ишлари кўпайди, сўнг падари делегация билан чет элга кетди. Ана шу кунлари у эри билан келишиб олган режасини ҳам унутиб қўйди. Ахир хориждан келиб, унинг омборига тушаётган молларни назоратдан ўтказиш ва ундан кейин уларни дорихоналарга жўнатишнинг ўзи бўладими? Зубайда буларни жуда осонлик билан ҳал қилиши мумкин эди. Яъни бориб, ўз кўзи билан кўриши шарт эмасди. Одам қўйса бўлди эди. Кейин ўзи тараллабедод қилиб юрса ҳам бўлаверарди. Бироқ бу нарса унинг табиатига тўғри келмасди. Ҳамма нарсани у ўз кўзи билан кўриши, ҳисобдан ўтказиши шарт эди. Шундагина унинг кўнгли хотиржам тортарди. Албатта, кечга бориб тинка-мадори қуриб қоларди. Бироқ, барибир, улкан мақсад сари бораркан, ҳеч бир чарчоқ уни тўхтатолмайди.
Шунга қарамай, у тунги ишларни ҳам жойига қўярди. Аввалгидай эмас. Аммо, барибир, бажаради. Чунки Достон ҳали тўла-тўкис унинг измида эмас.
Ана шундай кунларнинг бирида қайнонаси бола ҳақида гап очиб қолди. Сал олдинроқ у шу масалада чоли билан гаплашганди.
— Агар, — деди чоли, — бу келин шу хилда бойлик топаверса, куни келиб алоҳида бўлишни тусаб қолади. Достонни ҳам биздан ажратади. Пишиқлиги шуни кўрсатиб турибди. Шундай экан, тезроқ ҳомиладор бўлиши, бир қанча муддат уйда ўтириши керак. Ҳеч нима қилмасаям. Ҳомиладор бўлдими, тамом, бизга набирани соғ-саломат дунёга келтир, бунақа қаттиқ ишлашингда соғлом бола туғилмайди, деб туриб оламиз.
— Мен ҳам шуни ўйлаб юргандим. Ҳар қалай, бола боғловчи. Ундан кейин иккаламизга эрмак бўлади. Аммо Зубайдадан кўнглим тўқ. Ҳа, у пишиқ. Аммо биринчи навбатда оиласини ўйлайди. Қаранг, у келганидан бери Достон ҳам анча тартибга келиб қолди, — деди Санобар.
— Ўзинг секин айт, — деб эри унга кўзини қисиб қўйди.
Зубайда ишдан қайтиб, кийимларини алмаштириб, бир-бир қадам босиб дастурхон бошига келиб ўтирганидан сўнг олдинига Санобар эҳтиёткорлик билан соғлиғини, ишларини сўради. Жавоблардан қониққач, айни хизматкор хотин чучвара келтирганида бола ҳақида оғиз очди.
Аввало, Зубайдага хизматкор хотиннинг чучвара олиб келгани ёқмади. Унга ўқрайиб қаради.
— Хамир овқат кечки пайт ейилмайди, — деди, сўнг қайнонасига жилмайиб (шунга мажбур эди у) қараб, — ҳа, Достон акам билан шу масалада гаплашдик. Менинг ўзим ҳам ўлиб қолгудек болани яхши кўраман. Аммо Достон акам шошмайлик, деяптилар. «Ҳали ёшмиз. Ишларимиз эса жудаям кўп. Ҳаммасини бир ёқли қилайлик, ана ундан сўнг», дедилар.
Достон умуман бу ҳақда унга гапирмаган. Гапириш хаёлига ҳам келмаган. Ростдан ҳам бошқа нарсалар ҳозир унинг бошини кўпроқ қотиряпти. Ҳозир ростдан ҳам ишида Зубайда унга кўпроқ керак. У «эшон» билан баъзи масалаларни келишиб олди. Бироқ яна келишилмаган бир қанча ишлар бор. Бир нарсаларда унинг назарида «эшон» ўзини тортаётгандай туйиляпти. Бунинг устига, саккиз машина юки Афғонистондан ўтолмади. Киритишмади. Ваҳоланки, эшоннинг ваъдаси қуюқ бўлган. Энди у Зубайдага «эшон»ни кўрсатмоқчи, хотини орқали унинг кимлигини билмоқчи бўляпти.
— Ҳа, шунақами? Оббо! Аммо бизни ҳам ўйланглар. Биз, рости, маза қилиб яшаяпмиз. Еганимиз олдимизда, емаганимиз орқада. Қўлимизни совуқ сувга урмаяпмиз. Илгари мен сизга зерикиб қолганимни, сизнинг келганингиз айни муддао бўлганини айтгандим. Аммо сиз ҳам мени ташлаб кетдингиз…
Зубайда ўрнидан турди, қайнонасининг орқа томонидан келиб қучоқлади:
— Ойиж-о-о-н! — деди эркаланиб.
— Шунақасизлар-да. Биттада бизни эритиб оласизлар. Айтганча, атирингиз бунча зўр! — дея Санобар бўйнини қайириб Зубайдага қаради.
— Бугун олдим. Интернетда кўрдим. Буюртма қилдим. Ишхонамга олиб келиб беришди. Нақд икки минг доллар туради. Аммо буни мен сизга совға қиламан.
— Роса ёқди. Аммо қўйинг, яхшиси, ўзингиз ишлатинг. Ёшларбопга ўхшайди.
— Сиз ҳам ҳали ёшсиз. Ундан кейин сизниям ўзингизга қаратадиган одамингиз бор.
Санобар «пиқ» этиб кулиб юборди. Сўнгра:
— Энди кеч, қаратишимга ҳам ҳожат қолмаган. Энди у даврлар ўтиб кетди, — деди.
— Унақа деманг, ойижон, ҳали ҳаммаси олдинда. Истайсизми, бугун мен сизни шунақа безантириб, бўянтириб қўйсам… Атирлардан сепиб…
Санобарнинг юзи қизарди.
— Фойдаси бўлмаса керак, — деди у қизариб.
— Мана кўрасиз.
«Шу гапни бекор айтдим, — деб хаёлидан ўтказди шу заҳоти Зубайда, — энди бунгаям вақт ажратишим керак. Ўзи чарчаб оёғимда зўрға турган бўлсам…»
— Хоним, сизга бошқа бир нима пишириб берайинми? — деди ҳали-ҳамон кетмаган, қайнона-келиннинг суҳбатини маза қилиб эшитиб турган хизматчи аёл.
Зубайда унга қовоғини уйиб қаради.
— Йўқ. Бугунча салат еб қўйсам ҳам бўлаверади. Ўзиям дастурхонда уч хил салат бор экан. Шулар менга етади, — деб жавоб қилди у.
Хизматчи хотин ортига бурилиб кетди. Зубайда эса қайнонасига юзланди.
— Ойи, анавиндан озгина олсам майлими? Роса чарчаганман, — деди ялинчоқ овозда.
— Бемалол. Бизнинг хонамизга кирсангиз, адажонингизники шкафда турибди. Ўшани олиб чиқинг.
— Ноқулай-да, адажон кўрсалар…
— Йўқлар. Чиқиб кетдилар. Иккита оғайниси келганди. Ана шулар билан қариган чоғларида чойхонага кетдилар.
— Унда зўр бўлибди.
Еб-ичар маҳали Зубайда бир марта ҳам бола тўғрисида гапирмади. Айни чоғда қайнонасига ҳам шу ҳақда сўзлашига йўл бермади. Фақат бошқа нарсалар, асосан, чет эл ҳақида сўзлади. Ахир унинг боргиси келиб юрибди. Багама оролларига. Унинг ўйлашича, шу ёққа ўзбекларнинг қадамлари етмаган бўлса керак. Ундан кейин у ердан тўғри Кипрга боришади. Бунгача отаси билан гаплашиб, ишни пишириб олади. Отаси унинг айтганини қилади. Шу пайтгача қилиб келган, бу сафар илтимосини ерда қолдирмайди… Аммо ҳозир гапиряпти-ю, қайнонасининг «мен ҳам бораман», деб қолишидан чўчияпти… Бахтига, Санобар ундай демади. Қайтага: «Боринглар. Ёшсизлар, ўйнаб қолинглар. Бизга ўхшаб вақт ўтганидан кейин уйда ўтириб қоласизлар. Ҳеч нарса ёқмай қолади», — деди.
Достон кеч қайтди. Унгача Зубайда бир ухлаб турди. У эрининг келганини ёнига ётганидан кейингина сезди. Бироқ қимирламади. Чунки уйқуси зўрлик қилди.
Эртаси куни эса:
— Кеча ишларингиз бароридан келгани билан табриклайман, — деди.
Ҳа, Достон дам олгани борганди. Саъдулла билан бирга борди. «Бир чалғий», деди. «Чарчадим», деди. Аммо баттар чарчаб қайтди. Ўзиям ҳайдовчиси уни хонасигача суяб келди.
— Кеча улфатлар билан, синфдош дўстлар билан йиғилдик. Анча вақтдан бери кўришмасдик. Одам уларни ҳам соғинаркан. Шунга кеч қолдим. Аммо ҳеч қанақанги ов бўлмади.
Зубайда унинг сўзларига қиқирлаб кулди.
— Ўхшамади. Ўхшатолмадингиз. Ўхшатишингиз учун далил қолдирмаслигингиз керак эди. Сиз бўлсангиз қолдирибсиз. Кўйлагингизнинг нақ уч жойида лаб бўёғи изи бор… Аммо бошдан сиз билан келишганмиз. Мен ҳеч қачон рашк қилмайман, деганман. Тамом, шунинг учун ортиқча гап-сўз қилмайман. Фақат бошқалар, бегоналар кўришмасин…
Бироқ у ичида: «Ҳали мен сенга кўрсатиб қўяман. Ўзинг латта бир бало бўлсанг, яна хиёнат қилиб юришингга бало борми?.. Вақт. Вақти келсин. Лекин ҳозир тушиб қолганинг ҳам зўр бўлди. Кейинчалик жойи келганда, менга дастак бўлади», деб кўнглидан ўтказди.
Унинг барча режалари амалга ошаётганди. Куни келиб, Достон бир дунё далиллар билан қўлга тушиши керак эди. Мана, тушди. Ўзининг эса Саъдулла билан қилган, назарида, арзимас бўлса-да, ресторандаги шакаргуфторлигини биров билмайди. Билганлар гапира олишмайди. «Гапиришса-да, «сенинг кўзингнинг олдида қилди-ку, индамадинг-ку», дейман. Кейин Саъдуллага айтаман, иккинчи бундай ишни қилмайди, дейман», дея кўнглидан ўтказиб қўйди…
Орадан ҳеч қанча ўтмай, уни Саъдулла чақирди. «Машина жўнатаман. Шундай ўтиринг-у, келинг. Бировга айтмасангиз ҳам бўлади. Мутлақо иш юзасидан, иш эса сир тутилиши керак», деди…
Аммо Зубайданинг кўнгли бошқа бир нималарни сезди. Сезгани баробарида жилмайди. «Саъдуллабой, қўлга тушдинг», деди ичида.
Машина келиши билан чиқиб ўтирди. Алламбало қоп-қора «Мерс», ойналари қорайтирилган. Унинг ичидаги кимса бировга кўринмайди. Ўзи, аслида, ойналарни қорайтириш мумкин эмас. Бошқаларга, албатта. Бироқ бу машинага мумкин. Чунки унинг «шохи» бор.
Машина ичкарисида ҳайдовчи билан орқа ўриндиқ ораси тўсилган экан. Қоп-қора, овоз тугул ўқ ҳам ўтказмайдиган ойна билан. Саъдулланинг ўзи келибди.
— Во-ой! — деди Зубайда чиройли кўзларини пирпиратиб.
Саъдулла бирдан кўрсаткич бармоғини лаблари устига қўйди. Мийиғида кулган Зубайда бошини қимирлатди ва ўтирди. Улар замонавий услубда кўришишди.
— Атирингиз зўр экан, — деди Саъдулла иржайиб.
— Сизнинг қўнғироғингиздан кейин сепдим, — дея жавоб қилди Зубайда.
Машина уларни ваҳимали, қасрмонанд бир уйга киргизиб қўйиб, ўзи чиқиб кетди.
Уй ҳовли-повлилари билан ярим гектарча келаркан. Ўзидан тоза ҳаво тарқатадиган алламбало арчалар, гуллар экилган. Ям-яшил майсазор кўзни қувнатади.
Зубайда қувонганини сиртига чиқармади…
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
