Хоразмда 10 гектар ерни 250 млн сўмга сотишга уринган шахслар ушланди
Хоразм вилоятида ер талон-торожи билан боғлиқ жиноят фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати.
Қайд этилишича, фуқаро Б.Т.нинг Хоразм вилояти ИИББ ЖҚБ Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига қилган мурожаатига асосан, вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида И.Б. исмли шахс ва бошқалар Шовот тумани ҳудудида жойлашган ҳокимлик захирасидаги 10 гектар экин ер майдонини гўёки ўзларига тегишли эканлигига ишонтириб, келгуси йилда шоли экиб, ердан фойдаланиши учун 250 миллион сўмга сотишга келишиб, олдиндан 6,7 минг доллар ва 3,8 миллион сўм пулларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.