Россия Украинага минглаб зарбалар йўллади -Зеленский

Россия Украинага минглаб зарбалар йўллади -Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский ўтган ҳафта Россия армияси мамлакатга кенг кўламли ҳужумлар уюштирганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари:

1260 дан ортиқ авиабомба,

750 га яқин зарба берувчи дрон,

10 дан ортиқ турли турдаги ракета учирган.

Зеленский Россиянинг ҳарбий қудрати қуйидагилар билан таъминланаётганини таъкидлади:

Санкцияларни четлаб ўтиш схемалари орқали муҳим технологик қисмларни қўлга киритиш,

Нефть нархининг юқорилиги сабабли Москванинг катта даромадга эга бўлиши,

Украинанинг узоқ масофага мўлжалланган дрон ва ракеталарга етарлича эга эмаслиги.

У халқаро ҳамкорларга Россияга қарши санкцияларни кучайтиргани учун миннатдорчилик билдирди, лекин бу чораларнинг етарли эмаслигини қайд этди:

«Россия нефть саноатини заифлаштириш учун глобал миқёсда янада кенгроқ иш олиб борилиши лозим. Биз эса ўз ракета ва дронларимиз ишлаб чиқаришни давом эттирамиз ва барча ҳамкорларимизни Украинадаги мудофаа саноатига сармоя киритишга чақирамиз. Бу – инсон ҳаётини ҳимоя қилишга қаратилган инвестициядир.»

Аввалроқ АҚШнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог The New York Post нашрига берган интервьюсида Вашингтон Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга тайёр эканини айтган эди.

Унинг фикрича, Россияга қарши жорий қилинган чекловлар 10 баллдан 3 баллга баҳоланиши мумкин ва уларни янада кучайтириш зарур, айниқса нефть қазиб олиш соҳасида.

Бироқ, фақат иқтисодий санкциялар билан натижага эришиб бўлмайди – ҳарбий ва дипломатик босим ҳам зарур, дея қўшимча қилди АҚШ вакили.

Дўстларингизга ҳам юборинг: