Саудия Арабистонида Таровеҳ намозини телевидениеда кўрсатиш тақиқланди

Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги масжидларда имом ва жамоатни намоз вақтида, жумладан, Рамазон ойида таровеҳ намозини тасвирга олиш учун камералардан фойдаланишни тақиқловчи янги кўрсатмалар чиқарди. Саудия Арабистони расмий ахборот агентлиги (SPA) хабарига кўра, ҳар қандай медиа платформалар, жумладан ижтимоий тармоқлар орқали намозларни трансляция қилишни тўлиқ тақиқлаш ҳам жорий этилмоқда.
Вазирлик баёнотида бу чора-тадбирлар масжидларнинг маънавий муҳитини сақлаш, намозхонларни чалғитиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилгани таъкидланган. Имом-хатиблар ва воизлардан ушбу кўрсатмаларга қатъий амал қилишлари, масжидларда тўғри муомала одоб-ахлоқ қоидаларини жамоатга ўргатишлари қатъий тавсия этилади.
Бундан ташқари, вазирлик масжидларда ифторлик уюштириш учун маблағ йиғишга йўл қўйилмаслигини эслатди. Ифторлик маъқулланган бўлса, у фақат тегишли органларнинг назорати остида, барча хавфсизлик ва гигиена стандартларига риоя қилган ҳолда, махсус ажратилган жойларда ўтказилиши керак. Бу чекловлар тартибни таъминлаш, масжидларни ташқи таъсир ва ножўя ҳаракатлардан холи, ихлос ибодат маскани сифатида сақлашга қаратилган.