АҚШ ҳамон NATО харажатларининг учдан икки қисмини қопламоқда

АҚШ ҳамон NATО харажатларининг учдан икки қисмини қопламоқда

АҚШ ҳамон NATО харажатларининг учдан икки қисмини қопламоқда.

Сайловолди кампанияси давомида Доналд Трамп NATO’нинг ўз ҳарбий харажатларини иттифоқ доирасида белгиланган ЯИМнинг 2 фоизига етказмаган аъзоларини ҳимоя қилишдан бош тортиш билан очиқдан-очиқ таҳдид қилган эди. 2014 йилда бу талабни фақат Греция ва Буюк Британия бажарган бўлса, 2024 йилга келиб вазият ўзгарди ва дастлабки баҳоларга кўра, иттифоқнинг 32 аъзосидан 24 таси икки фоизлик кўрсаткичга эришди. Хорватия (1,81%), Португалия (1,55%), Италия (1,49%), Канада (1,37%), Белгия (1,3%), Люксембург, Словения (1,29% дан) ҳамда Испания (1,28%) бундан мустасно бўлди.

NATO’нинг ҳарбий харажатлари 2014 йилдан бери сезиларли даражада ошди ва барча аъзо давлатлар мудофаа бюджетларини оширди. Энг катта ўсиш Литва (76,5%) ва Латвияда (75,9%) кузатилди, улардан кейин Венгрия (69,2%) ва Полша (68,1%) жойлашган. АҚШ мудофаа харажатларини мутлақ рақамларда энг кам — атиги 12,5 фоизга оширди. Шунга қарамай, 2024 йилда Вашингтон ушбу мақсадлар учун 2014 йилга нисбатан қарийб 95 миллиард доллар кўпроқ маблағ ажратган. Таққослаш учун, сўнгги ўн йилликда Германия, Полша, Туркия, Буюк Британия ва Франция мудофаа бюджетларини биргаликда 96,3 миллиардга оширди.

Алянсга аъзо Европа давлатлари ва Канада 2014 йилдан бери NATO’нинг умумий мудофаа харажатларидаги улушини доимий равишда ошириб келмоқда — бу ўсиш 27,5% дан 36,3% гача етди. Бироқ, ҳозирда Қўшма Штатлар ўз қуролли кучлари учун NATO’нинг бошқа барча давлатларига қараганда, икки баравар кўпроқ маблағ сарфламоқда.
Альянсга аъзо давлатлар орасида иккинчи энг катта мудофаа бюджетига эга давлат – Германия, бироқ унинг ҳарбий харажатлари АҚШникига қараганда 10 баравар кам.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: