Қуйма олтинни ноқонуний олиб чиқишга бўлган уриниш фош этилди

“Навоий” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаро божхона назоратидан ўтаётган вақтда, унинг ҳатти-ҳаракатларида шубҳали ҳолатлар кузатилгани сабабли, божхона ходими томонидан белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилди.
Шахсий кўрик натижасида фуқаронинг танасидан умумий оғирлиги 1 028 грамм бўлган қуйма тилла бўлаклари аниқланди. Ашёвий далил сифатида олинган мазкур олтин буюмларининг умумий қиймати 1 миллиард 312 миллион сўмни ташкил этди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли процессуал ҳаракатлар амалга оширилмоқда.