Хонанда ота-онаси ва опа-укалари ҳақида сўзлаб берди.
— Ота-онам ўқитувчи, отам немис тилидан, онам эса ўзбек тили ва адабиётидан дарс беришган. Мендан катта опам бор, молия соҳасида ишлайди. Укам Алишер ўқимаган, мен ва синглим Эътибор. Эътибор санъатга қизиқди, лекин мен унга ёрдам бермадим. Чунки унинг санъаткор бўлишини хоҳламадим.
Жаҳонгир Отажонов олти марта уйланиб, ажрашгани ҳақида илк бор гапирди.
— Олти марта уйланиб, ажрашганман. Биринчи турмушимдан 19 ёшли қизим бор, у ҳозир онаси билан Германияда яшайди. Иккинчи турмушимдан уч нафар фарзандим бор, уларга қарайман. Учинчи турмушимдан бир ўғлим бор, алимент олади. Тўртинчи турмушимдан ҳам бир ўғлим бор, у ҳам алимент олади. Бешинчи турмушимдан бир қизим бор, унга қарайман. Олтинчи турмушимдан бир ўғлим бор, у билан умуман муносабатим йўқ. Гоҳида кўришиб тураман. Ўғлим икки ёш бўлган ҳозир.
Биласизми, эркак кишига ҳеч қачон “Сенга тегиб нима кўрдим?” деб бўлмайди. Мен асосан қийналган оилаларнинг фарзандларига уйланишга ҳаракат қилганман.
Биринчи рафиқам бой оиланинг қизи бўлган. Мен унга бой бўлгани учун уйланмаганман. Уларникига меҳмонга борганимда оиласига, меҳмон кутишларига ҳавасим келиб, менинг ҳам шундай оилам бўлсин, деганман. Яхши қиз, ҳозир ҳам яхши муносабатдамиз. Афсуски, турмушимиз бўлмади. Унга уйландим, лекин у қиз уйдагиларимга ёқмади. Уйимга ҳам кира олмай қолдим у қиз билан. Ўшанда қизнинг отаси “Мен фарзандларимга деб уй олиб қўйганман, хоҳласангиз шу уйда яшаб туринглар, деди. Бир куни онаси тўғри уйга келди-да, музлаткични очди, “Қизим нима еяётгани менга қизиқ”, деди. Бу нарса менинг ғуруримга тегди. Эркак кишига бундай нарсаларни гапириб бўлмайди. Бир куни хотиним билан гап талашиб қолдик ва “Отамнинг уйида ўтирибсан”, деди. Шу гапдан кейин уйдан чиқиб кетдим ва ажрашдим.
Иккинчи турмуш ўртоғим 10 йил яшаганимиздан кейин “Сенга тегиб нима кўрдим?” деди. Ўзи вақтида одамларнинг уйини супуриб, тозалаб юрарди. Шу гапи менга тегиб кетди. Уйдан чиқиб кетдим. Ҳозирда уч фарзандим билан алоқам яхши, уларни тўлиқ таъминлайман. Собиқ рафиқам ҳам жуда яхши инсон. Яхши муносабатдамиз. У “Сен эр сифатида яхши эмассан, лекин дунёдаги энг зўр отасан”, дейди.
Кейинги рафиқаларимга келсак, кимдирлари чиқиб интервьюлар берди мен ҳақимда, кейин ўзлари хоҳлаган нарсани олди. Биттаси алимент талаб қилганди, майли алимент тўлайман, дедим ва унга берган икки хонали уйимни олиб қўйдим. Истаганини олди.
Биласизми, яна уйланардим. У қиз Аллоҳ олдида менга омонатлигини биламан, унинг ота-онаси менинг ота-онам эканлигини биламан, машина ҳайдагиси келса, машина олиб беришим кераклигини, уни яхши кийинтириб, яхши едириб-ичиришим кераклигини биламан. Лекин нимагадир аёлларимни рози қила олмадим, — дейди хонанда.