Тадбиркор аёллар кенгаши томонидан сайёр қабул ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги ПҚ-103-сонли “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Кенгаш аъзолари ва экспертлари томонидан жойларда учрашувлар ҳамда сайёр қабуллар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Мазкур Кенгашнинг навбатдаги сайёр қабули Самарқанд вилоятида ташкил этилди.
Сайёр қабулда “Микрокредитбанк” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова ҳам Кенгаш эксперти сифатида иштирок этиб, хотин-қизлар томонидан йўлланган мурожаатлар ва уларнинг муаммоларини ўрганди.
Тадбирда Кенгаш раиси Н.Давлетова, Самарқанд вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Абилов, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Н.Шотурсунова, “Ҳамроҳ” хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси бош директори Д.Нурматова, Кенгаш аъзолари ҳамда бошқа масъул идоралар вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида 50 дан ортиқ муаммо ва таклифлар тингланди, тадбиркор аёлларнинг фаолиятида учраётган муаммолар таҳлил қилинди. Шунингдек, янги бизнес ғояларни амалга ошириш, стартап лойиҳалар учун имкониятлар яратиш, бизнесни бошлаш ёки кенгайтириш бўйича амалий маслаҳатлар берилди.
Шу куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “Микрокредитбанк” АТБ томонидан ташкил этилган ўқув-семинарларда иштирок этган хотин-қизларга махсус сертификатлар топширилди.
Банк Ахборот хизмати