Бизни рашк қилмоқда биздан кечганлар…
Биз томон қуёшнинг меҳри ошганда,
Юракда яшашнинг завқи тошганда,
Ҳилоллар тўлғониб бағрин очганда,
Бизни рашк қилмоқда биздан кечганлар.
Аламнинг доғида кузатиб зимдан,
Учрашиб қолсак гар сўрашиб дилдан,
Гўзаллар қошида кесатиб чиндан,
Бизни рашк қилмоқда биздан кечганлар.
Савдоси юрганда кетганди боқмай,
Севгимизга оёқ қўйганди қўрқмай,
Даври ўтиб энди бозори ўтмай,
Бизни рашк қилмоқда биздан кечганлар.
Яна ўз макрига ўрамоқдалар,
Ким эди у дея сўрамоқдалар,
Бахт тилаб лабларин бурамоқдалар,
Бизни рашк қилмоқда биздан кечганлар.
Ким оғриқ тортиб ҳам тутар қаддини,
Иссиғи ошкора қилар дардини,
Ер билан бир қилиб тоғдек қадрини,
Бизни рашк қилмоқда биздан кечганлар.
Бегзод Қаюмов