Европада иссиқ ҳаво туфайли 2 мингдан ортиқ одам вафот этди

2025 йилнинг 23 июнидан 2 июлигача Европани қамраб олган кучли иссиқлик тўлқини қарийб 2 300 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Буюк Британия, Голландия, Дания ва Швейтсариядаги етакчи илмий марказлар олимлари олиб борган тадқиқотга кўра, ушбу фожеаларнинг 1 500 таси инсоният фаолияти билан боғлиқ иқлим ўзгаришлари билан бевосита алоқадор. Бу ҳақда Aljazeera нашри хабар берган.
Иссиқлик тўлқини Барселона, Мадрид, Лондон ва Милан каби йирик шаҳарларда кузатилиб, ҳаво ҳарорати баъзида +40 °С даражагача кўтарилган. Францияда ўрмон ёнғинлари авж олган, Марсел шаҳрида эса тутун туфайли ҳатто аэропорт ёпилган.
Мутахассислар фикрича, кўплаб одамлар касалхоналарда ёки ўз уйларида – жамоатчилик эътиборидан четда – ҳаётдан кўз юмган. Айниқса, ёши катта инсонлар, болалар, очиқ ҳавода ишловчилар ва сурункали касаллиги борлар учун бундай иссиқлик хавфли бўлган.
Эвропа Иттифоқининг иқлим бўйича Copernicus хизмати июнь ойини тарихдаги энг иссиқ учинчи ой сифатида қайд этди. Мутахассислар огоҳлантиришича, келажакда бундай иссиқлик тўлқинлари янада тез-тез, кучлироқ ва кўпроқ одамга таъсир қиладиган бўлади. Шу боис, ҳукуматлар иқлимга мослашиш ва аҳолини ҳимоя қилиш чораларини жиддий кўриб чиқиши зарур.