Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (71-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (71-қисм)

— Ҳа-а, — дея бошини қимирлатди Малоҳат ғалати бўлиб.

— Яхши ўтиринглар. Мен хонада бўламан, — деб Барно ортига бурилди.

Фазлиддин билан Малоҳат яна бир-бирларига қараб олишди. Ҳар иккисининг ҳам айтадиган гапи қолмаганга ўхшарди. Шу боис улар талай муддат жим ўтиришди. Сўнг:

— Малоҳат, Хадича опадан маслаҳат олинг, — деди Фазлиддин.

— Хўп, — дея жавоб қайтарди Малоҳат.

Лекин нимани маслаҳат олиши кераклигини Фазлиддиндан сўрамади. Сўрамаса-да, ҳаммаси тушунарли эди.

— Унда мен борай. Сизнинг ҳалиги айтганларингизни қиламан. Кайфиятимни кўтардингиз, бунинг учун сизга катта раҳмат!

Малоҳат кулди.

Килоси бир сўм. Қабул қилинажак пластмасса идишларнинг нархи шундай қилиб белгиланди. Фазлиддин отаси ва акаси билан маслаҳатлашганидан сўнг шундай қарорга келди.

Кейинги уч кун иш бўлмади. Бу вақт мобайнида ишчилар ўзларига уй қуриш билан овора бўлишди. Бундай олиб қараганда, цех ичкарисида уй қуриш унақа муаммо ҳам эмас эди…

Ишлар олдинга силжий бошлади. Орада бозорда ўтириб сотадиган савдогарлар ҳам келиб, унинг шампунларидан олиб кетишди. Кейинчалик айнан улар магазинчиларга нисбатан кўпроқ сота бошлашди. Айримлари ҳатто ҳар куни келар эди.

Вақт тез ўтди. Пахта терими тугаб, студентларнинг ҳаммаси қайтиб келишди. Ана ундан кейин талабалар шаҳарчаси атрофидаги магазинлар ҳам талабни оширишди. Вазият шунга бориб етдики, саккиз киши узлуксиз ишласа-да, етарли миқдордаги маҳсулотни тайёрлай олмай қолишди. Ишчилар сонини яна кўпайтириш керак эди. Бироқ агар қишлоқдан одам таклиф қилишса, уларга ётоқ жой муаммо бўларди. Шу боис Фазлиддин шаҳарликларни ҳам ишга ола бошлади.

Ана шундай кунларнинг бирида уни райкомга чақиришди. Негалигини айтишмади.

Фазлиддинни биринчи котибнинг ўзи қабул қилди. Олдинига уни кўриб ҳайрон бўлди.

— Мен сени камида ўттиз ёшли йигит бўлсанг керак, деб ўйлагандим. Ёшгина экансан. Ҳозирдан шундай катта ишни қилаётган бўлсанг, Худо хоҳласа… — у шундай дея бироз тўхтади, эшик томонга қараб қўйди, ундан кейин гапини давом эттирди. — Катта-катта ишларни қиласан.

— Деярли ҳеч нима қилмадим, — деди унга жавобан Фазлиддин.

— Ҳа-а, қилмаганингни кўриб турибмиз. Бутун шаҳарда шов-шув! Ҳатто бизнинг уйдагилар ҳам сен чиқараётган шампунлардан фойдаланишяпти. Боплагансан-да, — деб райкомнинг биринчи котиби ўрнидан турди. — Аммо заводинг замонавий эмас. Айтиш мумкинки, қўлбола. Биз орқаворатдан кузатдик, маҳсулотингни текширувдан ўтказдик. Гап бўлиши мумкин эмас. Ҳаммаси зўр. Аммо ҳақиқий завод учун ускуналар керак. Шу масалада сен бирор нима қиляпсанми?

— Ҳали ҳеч нима қилмадим, — деб жавоб қилди Фазлиддин.

— Ана шунинг учун мен сени чақиртиргандим. Гап бундай, ука, жомадонингни оласан-да, эртага Сочига учасан. Шу ерда сенга керакли бўлган ускуналар бор. Яқинда Германиядан келибди. Мен суриштирдим. Вазирликка чиқдим. Бундан сенинг хабаринг йўқ… Шартнома тузасан. Кейин қайтиб келиб пулини ўтказиб юборасан. Унгача тайёр цех вагонларга юкланиб, йўлга чиқади.

— Хўп.

— Ҳозир қанча одаминг бор?

— Йигирмата.

— Яхши. Ўша йигирмата одамни кўпайтирсанг кўпайтирасан, лекин камайтирмайсан. Кейин корхонанинг юридик томонини ўзгартир. Битта патент билан ҳеч қаёққа бориб бўлмайди. Директор бўлади, бухгалтер, кассир бўлади.

— Хўп, — деди яна Фазлиддин. Илло, илгари бундай нарсаларга унинг иши тушмаган эди.

— Бухгалтерни ўзим топиб бераман. Битта зўри бор. «СувМаш»да ишлаган. Эртага ёнингга боради. Ҳа, айтганча, патентга шартнома қилмасликлари мумкин. Шунга тезликда жамият тузиш керак. Мен бу ердагиларга айтиб қўяман. Шошилинч тайёрлаб беришади. Агар шунақа бўладиган бўлса, эртага эмас, жамият тайёр бўлганидан кейин Сочига борасан. Лекин бошқа биров олиб қўймаслиги керак. Тушундингми?

— Ҳа, — деди Фазлиддин.

— Энди боравер.

Фазлиддин котибнинг ҳамма гапларига тушуниб-тушунмай кетди.

Аслида, котибга юқоридан буюрилган эди. Худди мана шунақа кооперативларни қўллаб-қувватлаш ҳақида, кимсан, Горбачёвнинг фармони чиққан. Бу фармоннинг бажарилиши талаб қилинаётганди. Райкомнинг биринчи котиби Ҳамроқул Самандаровични горкомга чақиришди. Қаттиқ тайинлашди. Ҳатто қўрқитишди. «Тезда ишлаётган кооперативлардан ўнтасини топиб, уларга керакли ёрдамни берасан. Ишлаётганингни кўрсатасан», дейишди.

Ҳамроқул Самандарович келиб йиғилиш ўтказди. Ўринбосарлар ва янги очилаётган кооперативларни рўйхатдан ўтказувчи бўлимдан кимлар нима ишлар қилаётганини сўради. Ана шунда Фазлиддиннинг номи ҳам тилга олинди. Агар Фазлиддиннинг ишлари ривожланиб кетса, катта хусусий корхона пайдо бўлса, унда Ҳамроқул Самандаровичга семиз плюс қўйилади ва келажакда унинг амали ошиш эҳтимоли кўпаяди.

Фазлиддин бу сафар энг аввал қори Муҳаммад Али домланинг ёнига борди. Беш кундан бери домла билан кўришмаган, гаплашмаганди. Сабаби, масжидга намозга боролмаётганди… Жуда кеч ётиб, эрта туришнинг иложини қилолмаётганди. Турарди, аммо бу пайтда масжиддагилар намозларини ўқиб бўлишарди. Шу боис уйида ўқирди…

Борса, домла йўқ. Имом ноиби имомлик қиляпти. «Бирор жойга кетдимикан?» дея хаёл қилди Фазлиддин. Лекин қори Муҳаммад Али ҳеч қаерга кетмабди. Касал экан. Уйида кўрпа-тўшак қилиб ётган экан. «Тўрт кун бўлди», — деди ноиб маълумотларни бериб бўлганидан сўнг.

Фазлиддиннинг ичидан зил кетди. Ўзини ўзи койиди. Қаердаги майда ишлар билан овора бўлиб, асосий масалаларни унутиб қолдираётганлиги учун койиди.

Бозорга борди. Нарх-наво анча қимматлабди. Гап-сўзларга қараганда, янада қимматлашаркан. Бир-иккита тамаки қидириб юрганларни кўрди. Мева-чева сотаётганлар уларнинг устидан кулишарди: «Носга ўтинглар, носга!» дея ҳайқиришарди…

Фазлиддин ҳеч нимани кўрмасликка, ҳеч нимани эшитмасликка ҳаракат қилди. Бироқ қилган амалларининг бари беҳуда эди. Шайтоннинг уйи бозордан файз-барака қочганди.

У икки пакет нарсани кўтариб таксига ўтирди-да, Муҳаммад Али домланикига равона бўлди. Эшикни Хадича опа очди. Фазлиддиндан олдин салом берди. Йигитча ичкарига кириши учун йўл бўшатди.

Дарҳақиқат, домла кўрпа ичида экан. Унинг фақатгина боши кўриниб турарди. У ҳам рўмол билан ўралган. Фазлиддин салом берди ва устозининг ёнгинасига ўтирди.

Қори алик олди. Унинг овози хириллаб чиқди.

— Нима бўлди, устоз? — деди Фазлиддин хавотир билан.

— Шу, пахтада шамоллаган эканман…

Домла гапини давом эттиролмай, қув-қув йўталишга тушди. Йўтал анча давом этди. Имомнинг пешонасини тер босди.

— Бўлди, — деди Фазлиддин, — сиз гапирманг, ўзим гапиравераман. Сиз бошингизни қимирлатиб турсангиз бўлди.

Қори Муҳаммад Али кулди.

— Ҳечқиси йўқ, бир-бир шундай бўлиб турибди. Ўтиб кетади. Ўзингиз яхшими? — дея сўради у яна ўшандай хирилдоқ овозда.

— Мен ҳар доимгидан анча яхшиман ва айни пайтда ёмонман.

Домла кулди.

— Ҳам яхши, ҳам ёмон?! Жуда зўр-ку! — деди.

— Ҳамма пулни жуда яхши кўради. Пули кўп бўлса, шу одам яхши бўлади. Мен ана шундай яхши бўлдим. Лекин ана шу пул мени ёмон ҳам қилди.

— Пулдан, бойликдан ҳеч вақт дўст чиққан эмас. Ундан хавфсиз юришнинг йўли бор.

— Қандай?

— Пулсиз юриш…

Қори Муҳаммад Али шундай деди-да, кулиб юборди. Кулгиси дарров йўталга айланди. У қизарди. Охирида қаттиқ йўталди-ю, шу билан тинчиди. Оғзини чирт юмиб: «Бир нималар бер», дегандай бўлди. Фазлиддин тушунмади:

— Нимани берай? — дея сўрашга мажбур бўлди. Шунда домла пиёлани кўрсатди.

Унинг оғзи томоғидан юлиниб чиққан балғамга тўлган экан. Пиёлага тупурганидан кейин бирдан енгил тортди ва ўрнидан туриб ўтирди.

— Ана, тузалдим, энди мен ҳозир, — деб ўрнидан туришга ҳаракат қилди. Бирдан туриб кетолмади. Бироз боши айланди. Аммо Фазлиддин ёрдам беришга улгурмасидан қаддини ростлади.

— Сиз ўтира туринг, мен дарров келаман, — деди.

У ўн беш дақиқа ичида чўмилди, кийимларини алмаштирди, кейин чиқиб келди. Бунгача Хадича опа уларга бошқа хонадан жой ҳозирлаб қўйган эди. У эрининг ҳаммомга кириб кетаётганини кўриб шундай қилди.

— Фазлиддинжонни эртароқ чақирсак бўларкан, — деди у эри чиқиб келганидан кейин.

— Ҳа, қадами қутлуғ келди. Роса пишган экан, томоғимда бир нима ёрилиб кетди, — дея кулди қори Муҳаммад Али.

Улар бир дастурхон атрофига ўтиришди. Хадича опа ошхонада эди…

— Ана энди мириқиб суҳбатлашамиз, — деди домла, — Бояги гапингизни давом эттиринг.

— Шу… пулни деб кўп ташвишга қоляпман, — деди Фазлиддин ва устозига қараб қўйиб, бўлиб ўтган воқеаларни бирма-бир гапириб берди.

— Тушунарли. Хайрли бўлсин. Қандайдир хавф борлиги кўринмайди. Аммо кўзга кўриниб қолиш, айниқса, пул билан… бошқаларнинг хаёлини бузиши мумкин. Хавотирингиз ўринли. Ўзи, аслидаям, шундай-да. Фавқулодда бирданига райком секретарининг ёрдамлашмоқчи бўлгани ғалати, — деди.

— Мен ҳам шуни ўйлаяпман.

— Бундай қиламиз. Ёмон хаёлга бормаймиз. Ҳар бир нарсадан хайр қидирамиз. Майли, қилаверинг-чи, у ёғини вақт кўрсатади. Энг яхши ҳимоя Аллоҳни ўзингизга шерик қилиб олиш.

Фазлиддин унинг сўзларига тушунмай юзига қараб ўтирди.

— Ҳар сафар қўлингизга пул тушиши билан маълум бир қисмини эҳсон қилинг. Айнан шунга зориққанларга беринг. Бунда чамани ўнга бир қилиб олсангиз, менимча, яхши бўлади.

— Ўн сўмдан бир сўми…

— Ҳа. Шундай. Фақат тартибни бузиб қўйманг. Яна сиз қилаётган ишлар майда-чуйда эмас, каттагина. Шунинг учун ҳам амалдорлар аралашаяпти. Эҳтимол, бундан ҳам катта… Аслини олганда, сиз тайёрлаб, бошқаларга кўрсатиб бериб, ўзингиз навбатдаги иш билан шуғулланишингиз керак эди. Аммо сиз қилган катта ишни тўғри баҳолашмайди. Қўлингизга арзимаган нарса беришадики, у сизнинг эҳтиёжларингизни қопламайди. Хуллас, дўстим, сира ибодатдан тўхтаб қолманг. Дунёнинг ишлари эса ўз-ўзидан бўлиб кетаверади. Аммо мени бошқа бир нарса қизиқтираяпти. Мана, отангизнинг келганига қанча вақт бўлди? Аммо бирор марта ҳам бизникига олиб келмадингиз.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: