Пўстак қоқиш ишлари давом этади!..

Пўстак қоқиш ишлари давом этади!..

Каримов даврини танқид қилиб қўйган навбатдаги амалдор 3-4 кундан бери сазойи қилинмоқда. Бундан олдингиларининг ҳам бошида шу калтак синган эди. Нима, Каримов даврини ёмонлаб бўлмайдими? Қайси соҳа гуллаб кетди бу даврда? Бутунлай издан чиқиб кетган таълим тизимими? Коррупцияга ботиб қолган медицинами? Ёки оддий прописка билан бўғиб қўйилган эркинликми? “Мусаффо осмон”дан бошқа мақтангулик нима бор эди ўзи? Хўп, бу сиёсат халқ ҳаётини шу даражага олиб келган экан, унда нега танқид қилган одам, яъни ҳақиқатни гапирган одам кўпчиликка ёқмаяпти?
Гап шундаки, Ҳақ сўзни ўз эгаси гапириши керак. Ҳақ сўз эгасидан бошқага обрў келтирмайди. Ҳақ сўз эгасидан бошқани бегона қилади ва шунақа қилиб «тепиб» ташлайди. Шунинг учун ҳар ким ўз маънавий ҳаққини билиши керак. Каримов даври ёмон бўлса, бунга бир киши эмас, шу тегирмонга сув қуйиб ўтирганларнинг ҳар бири айбдор! Гапиролмадик, қарши чиқолмадик, деган баҳона ўтмайди бу ерда. Чунки гапирадиган одам ҳамиша гапирган! Урилган-сурилган, “қора рўйхат”га тушган, аммо тўғри гапдан қайтмаган. Ҳеч бўлмаганда бир чеккага чиқиб, тирикчилигини қилиб юрган. Нима учун шундай қилган? Чунки тўғрисўзлик иймон тақазосидир! Мўмин ҳар нарса бўлиши мумкин, аммо ёлғончи бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳақпараст, бирюзли, тўғрисўзли одам жуда камёб бўлади. Ҳақиқат кўчада қолмаган. Ким унинг тўнини кийиб интернетга чиқса, ҳақпараст бўлиб қолмайди.
Вақтида Каримовга муқом қилиб “очко” олиб, валинеъмат ўтгандан кейин уни ёмонлаб, энди янгисидан “очко” олмоқчи бўлаётганлар… адашасиз! Халқ ахмоқ эмас! Вақти келиб, тарих ҳаммасини жой-жойига қўяди.
       Алишер Назар
Дўстларингизга ҳам юборинг: