Қорақалпоғистон ёшлари учун қўшимча грант ва тўлов-контракт ўринлари ажратилди

Давлат комиссияси баёнигa мувофиқ, 2025/2026-ўқув йили учун Қорақалпоғистон ёшлари олий таълимга қабулда қуйидаги 3 та қўшимча имкониятга эга бўлади.
1-имконият. 2025 йил 24–30 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшовчи ва кириш имтиҳонларида 68 балл ва ундан юқори натижа кўрсатиб, давлат олигоҳларининг кундузги таълим шаклига тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар 500 та мақсадли қабул параметрлари учун рўйхатдан ўтади.
Рўйхатдан ўтиш my.uzbmb.uz сайти орқали амалга оширилади. Бунда абитуриентлар талабаликка тавсия этилган олий таълим ташкилоти ва таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этади.
Рўйхатдан ўтган абитуриентлар ўтказилган кириш имтиҳонлари натижасига кўра тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда мақсадли қабул параметрларига тавсия этилади.
Тавсия этилганлар рўйхати белгиланган тартибда расмийлаштириш учун тегишли олий таълим ташкилотларига етказилади.
2-имконият. 2025 йил 29 сентябрдан 6 октябрга қадар (шу куни ҳам) Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларини тамомлаган, жумладан, муайян хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган ёшлар учун 200 та мақсадли қабул параметрларигa абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.
Бунда:
➖рўйхатдан ўтиш my.uzbmb.uz сайти орқали амалга оширилади;
➖рўйхатдан ўтган абитуриентлар учун 2025 йил 12 октябрга қадар тест синовлари ўтказилади;
➖ўтказилган тест синовлари натижасига кўра абитуриентларнинг тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда мақсадли қабул параметрлари доирасида танлов натижалари белгиланган тартибда расмийлаштириш учун 2025 йил 17 октябрга қадар олий таълим ташкилотларига етказилади.
❗️Эслатма: рўйхатдан ўтган абитуриентлардан Президентнинг ПҚ–4319-сон (14.05.2025-й.) қарорига мувофиқ белгиланган миқдордаги тўлов ундирилади.
‼️Муҳим. 2025 йил 15 ноябрга қадар юқоридаги 1- ва 2-имкониятларга мувофиқ мақсадли грант ўринларига қабул қилинган талабалар билан олий таълим ташкилотини тамомлагандан кейин тегишли ҳудудда 3 йил ишлаб бериш мажбуриятини назарда тутувчи тўрт томонлама (ҳудудий ҳокимлик, соҳавий давлат органи (ташкилоти), талаба ва олий таълим ташкилоти ўртасида) шартномалар расмийлаштирилади.
3-имконият. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг мурожаатига мувофиқ Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бакалавриат таълим йўналишлари кесимида тўлов-контракт асосида республика давлат олий таълим ташкилотларига қўшимча 7 225 та қабул параметрлари тасдиқланди.
Бунда базавий тўлов-контракт асосидаги қўшимча қабул параметрлари давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриент сифатида рўйхатдан ўтган Қорақалпоғистон Республикасидаги умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал (касбий) таълим муассасаларини тамомлаган, ўтказилган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган, лекин талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар ҳисобидан шакллантирилади.
Танлов қайдномалари тегишли олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда расмийлаштириш учун етказилади.