Россия қамоғига ташланган ўзбек жамияти раҳбари озод қилинмайдиган бўлди

Россия қамоғига ташланган ўзбек жамияти раҳбари озод қилинмайдиган бўлди

Россиядаги ўзбек диаспораси раҳбари Усмон Баратов яна 1 йил-у 8 ойга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди. Аслида у кейинги ой озодликка чиқиши керак эди.

«Миллатлараро нафрат ва адоват қўзғатиш»да айбланиб 4 йилга қамалган Россиядаги ўзбек жамияти раҳбари Усмон Баратов жазони ўташ муассасаси ходимига ҳужум қилишда айбланиб, янги муддатга озодликдан маҳрум этилди — унга колония фаолиятини издан чиқарганлик моддаси бўйича 1 йил-у 8 ой қўшимча қамоқ жазоси белгиланди.

Россия оммавий ахборот воситалари Баратов жазони ўташ муассасаси ходимининг видеорегистраторини тортиб олиб, уни ходимга улоқтирганини ёзмоқда. Баратов эса камерани шунчаки буриб қўйганини айтган.

Агар янги жиноий иш қўзғатилмаганда, диаспора раҳбари жорий йилнинг 18 ноябрида озодликка чиқиши керак эди. Баратов ўзининг биринчи муддатини «русский» атамасини бекор қилиб, уни «российский» атамасига алмаштиришга чақиргани учун олган эди.

Қолаверса 2024 йил РФ Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг шахсий кўрсатмаси билан Баратовга нисбатан жиноий иш очилган. У январ ойида Россияда тухум нархи ошгани ҳақидаги хабарлардан сўнг «Одноклассники» ижтимоий тармоғидаги саҳифасига товуқлар суратини жойлаштириб, «Тухум бўлиши учун хўрозларни урушдан қайтаринг» деган мазмунда изоҳ қолдирган.

2024 йилнинг 27 февралида Усмон Баратов Росфинмониторинг экстремистлар ва террорчилар рўйхатига киритилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: