“АҲМОҚНИ ЎЛДИРИНГ!”

Ҳозир фобия (назорат қилиш ва тушунтириш мушкул бўлган қўрқув. Таржимон) жуда оммалашиб кетган экан, ўзимда ҳам фобия борлигини тан олмоқчиман: мен аҳмоқлардан даҳшатли даржада қўрқаман! Катта йўл бўйлаб машинада кетаётганимда қаршимдан аҳмоқ бир ҳайдовчи чиқиб қолишидан, операция столи атрофида аҳмоқ шифокор пайдо бўлиб қолишидан ёки ядро урушини бошлашга старт берадиган тугмачага аҳмоқнинг қўли етиб боришидан қўрқаман. Мен аҳмоқлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетган ва аҳмоқлар томонидан бошқарилаётган мамлакатда яшашдан қўрқаман. Ва мен аҳмоқларнинг йўқ қилиб ташлаш керак деб ҳисоблайман. Қандай қилиб дейсизми? Маърифат орқали. Таълим беришни кучайтириш орқали. Гуманистик қадриятлар, илмий дунёқарашни кенг тарғиб қилиш орқали. Мен сизларни ҳам бу курашга қўшилишга даъват этарканман, энг аввало ўзингиздаги аҳмоқни маҳв этинг дейман. Атрофингизда пайдо бўлган жаҳолатга беэътибор бўлмасдан, уни олдини олиш ва янада урчиб кетишига йўл қўймасликни сўрайман. Мен сизларни жўяли ва фойдали маслаҳат беришни ўрганишга, ўз позициянгизни далил билан ифодалаш ҳамда исботлашга ва илмий тасдиқланган фактларга таянадиган танқидий фикрлашни ривожлантиришга чақиряпман. Фақат ана шундай амалий ҳаракатлар билан вазиятни яхши томонга ўзгартиришимиз мумкин. Ғийбатчи, ичи қора, ҳасадгўй, ўз манфаатидан бошқа нарсани билмайдиган, турли бидъат ва афсоналар домига тушиб қолган, тўғрини эмас эгрини йўлидан юрадиган ярамас одамлар даврасидан узоқ юриш қанчалик муҳим бўлса, бекорчи гап-сўзлар, сафсатабозликдан қочиш ҳам шу қадар муҳимдир. “Ярамас одамлар давраси” деганда мен нафақат аблаҳ ва жоҳил одамларни тушунаман, бундай кимсаларнинг муҳитидан шу учун қочиш лозимки – уларнинг таъсири руҳингизни ўлдиради ва сизни ҳалокатга етаклайди. Бундан ташқари “зомби”га айланиб қолган одамлар гуруҳини – уларнинг танаси тирик, мияси ўлик; бамаъни гап эмас эмас , сафсатабозлик қиладиган, ўйлаш ва фикрлашдан йироқ, аммо бозори чаққон гаплар ва ақидаларни шариллатиб сўзлаб юрадиган бекорчи, бўш, қуруқ сўзли одамларни ҳам назарда тутмоқдаман.
Эрих Фромм, немис социологи ва файласуфи
Жалолиддин Сафоев таржимаси