Дунёда мактаб ёшидаги болаларнинг 20 фоизи ортиқча вазнга эга

Дунёда мактаб ёшидаги болаларнинг 20 фоизи ортиқча вазнга эга

Жаҳон озиқ-овқат куни ҳар йили 16 октябрда нишонланиб, дунёдаги очлик, овқат хавфсизлиги ва соғлом озиқланиш масалаларига эътибор қаратилади. Бу сана 1979 йилда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) тузилган кун муносабати билан жорий этилган. Жорий йилда ташкилот очлик ва кам озиқланишга қарши курашдаги 80 йиллигини нишонламоқда.

FAO ҳисоботига кўра, 2024 йилда тахминан 670 миллион киши очликка дуч келган, бу эса 2000 йиллар бошидаги 800 миллионга нисбатан камайишни англатади. Бироқ дунёда ортиқча овқат истеъмоли оқибатида ортиқча вазн ва семизлик муаммолари кучаймоқда.

Ҳозирда ҳар бешта мактаб ёшидаги боладан бири ортиқча вазнга, ҳар ўнтасига яқини эса семизликка дучор бўлган. Бу миқдор жаҳон бўйича 391 миллион бола ортиқча вазн, 188 миллион бола эса семизликнинг оғир шаклида эканлигини англатади.

Ортиқча вазн барча минтақаларда қайд этилган бўлиб, бу кўрсатгич айниқса Лотин Америкаси, Кариб денгизи, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Шимолий Америкада юқори. Мамлакатлар ичида Чили пешқадам — бу ерда болаларнинг 58 фоизи ортиқча вазнга эга, шунингдек Жанубий Тинч океани оролларида ҳам бу кўрсаткич 50 фоиздан ошиб кетган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: