Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (79-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (79-қисм)

Фазлиддин ёлғиз қолса, Қуръон тиловат қилар ёки химиявий масалаларни хаёлида ечарди. Ана шунда у вақт ўтганини сезмасди. Ҳозир ҳам шу иш билан машғул бўлиб, Любовь Николаевнанинг қандай қилиб ёнида пайдо бўлиб қолганини ҳатто сезмади ҳам.

— Бўлди, иш битди, — деди Муҳаббат опа жилмайиб.

— Қандай қилиб? — деди Фазлиддин машғулотидан айрилиб.

— Узумини енг-у, боғини суриштирманг. Буларга индамасанг, билган нағмаларини чалишади. Аммо озгина газини берсанг, зириллайди. Тур, кассирнинг ёнига борайлик.

Кассир хотин очиқчасига уларни ёмон кўрди. Қовоқларини уйиб, эллик ва йигирма беш сўмлик пулларни уларнинг олдига қўя бошлади. Охирида Фазлиддиннинг олдига ўзининг қоғозини қўйиб:

— Мана бу ерга имзо чекинг, — деди.

Фазлиддин унинг айтганини бажариб, пул солинган қопни энди қўлига олганди:

— Бошқалар бунақа пайтда бир-икки сўм ташлаб кетишади. Роса зиқна, пасткаш одамларни энди кўришим, — дея вижирлади кассир қиз.

Фазлиддин тўхтади. Аммо ортидан келаётган Любовь Николаевна уни туртди.

— Тўхтама, булар шунга ўрганиб қолишган. Бир ичи ёнсин, — деди.

Пул ҳақиқатан ҳам кўп эди. Бунча пулни олиб юриш ҳозирги замонда жуда оғир эди. Чунки ҳаммаёқ жиноятчилар билан тўлиб-тошганди. Айниқса, мана шундай банкларнинг атрофида айғоқчилар саҳарлабдан пайдо бўлишар, ким пул олиб чиқаётганини сезиб қолишса, албатта, уни тунашга уриниб кўришарди. Жуда кўп ҳолларда улар бунинг уддасидан чиқишарди ҳам. Чунки пулли одамни ҳимоя қилувчининг ўзи йўқ эди. Жиноятчи эса битта эмас, албатта, унинг шериги бўларди.

Бугун ҳам алкаш нусха банкнинг эшигини пойлаб ўтирибди. Ҳар-ҳар замонда пиводан бир ҳўплаб қўяди-да, кир қўлидаги қуртдан кичкина тишлайди. Оғзи қандайдир таъмни сезса бўлди-да, муҳими, кайф қилиш. Аммо шу билан бирга ўта маст бўлиб қолмаслик. Маст бўлиб қолса, ҳамма ишнинг расвоси чиқади. Ана ундан кейин банкдан шундай чиқиб ўнгга қайрилганда навбатчилик қилиб турган шеригига маълумотни етказолмай қолади. Бу эса унинг обдан калтакланишига олиб келади…

— Нега сиз менга бунча кўп яхшилик қиляпсиз? — деди Фазлиддин машинага ўтирганларидан сўнг Любовь Николаевнага.

— Ёмон ишларим кўп бўлган. Ана шуларни энди ювмоқчиман. Майли, қўявер. Кейин илгари ҳам сенга айтганман. Ноёб одамларни жуда эҳтиёт қилиш зарур, акс ҳолда, ботқоққа ботиб кетамиз. Давлатнинг аҳволини кўриб турибсан. Шундай пайтда бир-биримизни қўлламасак, бошқа қачон қўллаймиз? Қолаверса, мен сенга хушомад қиляпман. Мукофотдан умидим бор. Аслини олганда, менинг ҳам анави кассир қиздан фарқим йўқ. Кўрганимдан, қўлим текканидан бирор нима умид қилиб тураман! — деди Муҳаббат опа, сўнгра хохолаб кулиб юборди.

Алкаш югурганча пойлоқчилик қилаётган «Москвич»нинг ёнига амаллаб етиб келди-ю, эшикни очиб, ўзини орқа ўриндиққа отди. Сўнгра рулда ўтирган чўтирга:

— Бос! Анави оқ «Жигули»нинг орқасидан бос! Бугун омадимиз келиб қолганга ўхшайди, катта пул олиб чиқди! Бос! — деди.

Чўтир шу заҳоти машинанинг калитини буради. Аммо «Москвич» «ғир-ғир» қилди-ю, мотори ўт олмади. Жаҳл устида чўтир яна калитни буради. Яна шу аҳвол. У жаҳл билан:

— Онангни!.. — деб рулни муштлади.

— Итдан бўлган, нима гап?! — деб бақирди орқа ўриндиқдаги пойлоқчи.

— Мотор совиб қолибди! — деди унга жавобан чўтир.

Шу заҳоти унинг елкасига мушт тегди.

Бу пайтда Фазлиддин ва Муҳаббат опа ўтирган машина анча узоқлаган, ҳатто биринчи чорраҳанинг яшилидан ўтган, улардан сўнг қизил чироқ ёнган эди…

Фазлиддин пулни янгасига қолдириб, ўзи Малоҳатнинг ёнига борди. Уни кўргиси, гаплашгиси келди. Айни пайтда кўнглининг бир чеккасида уй, ҳовли-жой олажагини айтиш истаги ҳам бор эди. Аммо буни кейинроққа қолдиришни маъқул кўрди. Аввал олсин, яҳудий кетсин. Ундан кейин олиб бориб кўрсатади… Нияти шундоқ эди. Бироқ Малоҳат чиқиб, у билан бир муддат гаплашиб турганидан кейин айтиб қўйди. Малоҳатнинг қувончдан кўзлари порлади.

— Зўр бўлибди! — деди у ҳаяжон билан.

— Афсуски, шундай.

— Нега афсуски?!

— Чунки ҳаддан зиёд кўп нарса олиб ташламаяпманми, деб ўйлаяпман. Бир куни бу нарсалар мени йўлдан адаштириб юборса, нима қиламан?

— Йўқ, адашмайсиз. Ҳаммаси жойида бўлади. Аммо бундан кейинги оладиган нарсаларингиз кўзга кўринмайдиган бўлиши керак.

— Ҳа, шундай. Эртага пешиндан кейин тайёр бўлиб турасиз, олиб кетаман.

— Бир ўзим бораманми?

— Йўқ, янгамни, жиянларимни, акамни ҳам олволамиз. Ҳали уларнинг ҳам бирортаси билмайди.

— Фазлиддин ака, Любовь Николаевна қанчалик ишончли аёл?

— Билмадим. Ҳар қалай, гап-сўзларида, ўзини тутишида сохталик кўрмаяпман. Бунинг устига, ҳисоб-рақамимиз кундан-кунга шишиб кетаётгани уни ҳам безовта қиляпти. Сабаби… Тўхтанг, миямга битта фикр келиб қолди. Биз янги оладиган…

— Яна нима оляпсиз? — дея жилмайиб сўради Малоҳат.

— Эй-й, ҳали уни айтмадим-а! Ҳа, мебель корхонасининг омборхонасини сотиб оляпмиз.

— Уни нима қиласиз?

— Шу ерда яна бир ишни бошламоқчимиз. Қурилиш маҳсулоти ишлаб чиқарамиз. Илгари мен сизга гапиргандим. Тоғ тошларини майдалаб, кейин уни елим билан аралаштириб, қолипга солиб, тахта шаклига келтириш мумкин. Асосийси, у умуман сув ўтказмайди. Демак, ошхона учун зарур маҳсулот. Тоғ тошлари ҳаммаёқда тиқилиб ётибди. Елимни ўзим ясайман. Унинг ҳам йўли осон ва арзон. Битта нарса: тошни майдалайдиган қурилма керак бўлади.

— Унда сиз қачон яшайсиз?

— Одамга ўхшаб демоқчимисиз?

— Йўқ, айтмоқчиманки…

— Аммо гапингиз тўғри. Ишонасизми, мен сўнгги пайтларда бу дунёни жуда ёмон кўриб қоляпман. Жудаям…

— Ҳай, ҳай, — деди шу заҳоти Малоҳат, унинг ранги бирдан оқарди, — гапларингиздан бутунлай бошқа нарсанинг ҳавоси келаяпти.

Фазлиддин кулди. Чуқур нафас олди-да: «Агар никоҳимда бўлганингизда, маҳкам бағримга босардим», дея кўнглидан ўтказди. Аммо тилига бошқа гаплар чиқди.

— Ҳаммаёқ ёлғончиликлар билан тўлиб-тошиб кетаётган пайтда, одам шунақа ёмон кўриб қоларкан дунёни.

— Сиз чарчаганга ўхшаяпсиз. Тамом. Бугундан бошлаб сизга бир ҳафта дам. Ҳеч қанақанги илм билан шуғулланмайсиз. Ўқиганингиз фақат Қуръон бўлади. Қолган пайт сайр қиласиз.

— Бир ўзимми?

— Йўқ. Шаҳарда мен сизга ҳамроҳлик қиламан. Шаҳар ташқарисига эса кўпчилик бўлиб борамиз. Акангиз, янгангиз, болалар… Улар менга анча ўрганиб қолишди. Мен ҳам уларга ўргандим. Ҳатто ётоқхонага қайтиб келганимдан кейин анча вақт ўзимга келолмай юрдим.

— Бўлди, сизнинг айтганингизни қиламиз, хоним. Аммо эртага биринчи қиладиган ишимиз уйни бориб кўриш.

— Хўп, — дея жилмайди Малоҳат.

Ҳужжатлаштириш ишлари тез ва осон бўлди. Сабаби Исроил исмли яҳудий ҳам, Любовь Николаевна ҳам ҳужжатларга ўта пишиқ, пухта одамлар эди. Улар керакли нарсаларни ҳеч бир эътироз билдирмайдиган тарзда тайёрлашганди. Умуман олганда, Фазлиддин учун унақа кўп қоғоз шарт эмас эди. Паспорти ва ўқиш жойидан маълумотнома бўлса, етарли эди.

Малоҳат уйга кириб чиқди-ю, ранги ўзгарди. Боғни кўрганида роса яйраганди. Аммо уйга киргач, бирдан ўзгарди.

— Нима бўлди? — дея секин сўради Фазлиддин.

— Биласизми, қандайдир совуқ экан. Уйга кирсангиз, нимадир устингиздан босаётгандай бўлавераркан. Ундан кейин деворларга ҳам ғалати нарсалар чизиб ташланибди. Агар тикилиб турсангиз, ундаги предметлар ҳаракатланаётган киноларни эслатиб юборади, — деди у Фазлиддинга қараб қўйиб.

— Уй таъмирланади. Деворлари ўзгартирилади.

Малоҳат синиқ жилмайди. Шундан сўнг Фазлиддин яна бир марта уйга кирди. Ҳамма нарсаларга зўр диққат билан қаради. Малоҳат ҳақ экан. Нафақат деворлар, шифт ҳам бошқача эди. Унга дунё харитаси чизилган бўлиб, унинг устини қоп-қора, қуюқ булут босиб келаётгани тасвирланганди. Ўша қора булут устида олти қиррали юлдуз акс этганди… У ҳам кайфиятсиз ташқарига чиқди. Ичкарига кириб, худди Фазлиддин дастлабки сафар кириб кўрганида эътиборсизлик қилганидай, ҳафсаласиз кузатиб чиққан акаси билан янгаси болалари билан узум сўрисининг остига бориб нималарнидир гаплашишарди. Фазлиддин Малоҳатнинг ёнига борди.

— Тўғри айтибсиз, — деди.

— Энди нима қиласиз? — дея ундан сўради Малоҳат.

— Бузамиз. Боғ, томорқа қолади. Аммо уйдан бир сиқим тупроқ ҳам қолмайди. Таг-туги билан бузамиз, — деди.

— Лекин сиз бу уй учун…

— Биляпман. Лекин ҳамма нарса бўлиб ўтди. Энди ортга қайтариб бўлмайди. Шунинг учун хатони тузатишимизга тўғри келади.

— Мени кечиринг, — деди Малоҳат бошини эгиб.

— Нега?

— Шундай. Сизнинг режаларингизни… Балки уй тураверса бўлар.

— Йўқ. Любовь Николаевна: “Бу яҳудий нималарнидир режалаштирган, албатта, сен билан мени туширади. Мен ҳамма нарсага диққат қилиб чиқдим. Аммо, барибир, у шайтон. Шайтоннинг нима пасткашлик қилишини олдиндан билиб бўлмайди”, деганида ҳақ эди. Энди кетдик бошқаларнинг ёнига. Ўзингизни хурсанд кўрсатинг.

— Хўп, — деди Малоҳат одатдагидай ва жилмайди.

Фазлиддин роппа-роса бир ҳафтадан кейин ишни бошлади. Бирдан йигирматача уста олиб келди. Бировлар уйнинг томини бузиш билан, бошқалар, полларни қоқилган жойидан суғуриб олиш билан шуғулланди. Бундай ишлар мобайнида уйнинг эски эгаси кетар чоғида нима ишлар қилиб кетгани ҳам ошкор бўлди. У полнинг остига тухумларни чақиб ташлаб кетибди. Чақилган тухум эса бир неча ой мобайнида сасиши мумкин эди. Буларни кўрганидан кейин Фазлиддин уйнинг мебелларидан ҳам воз кечди. Классик услубдаги, соф ёнғоқдан бўлган сифатли мебеллар шунчаки ташқарига чиқариб ташланди. Фазлиддин усталарга: “Кимга керак бўлса, олиб кетаверсин”, деди.

Роппа-роса уч ойдан кейин уй бошқатдан қад ростлади. Энди унинг бешта кенг хонаси, иккита ҳаммоми ва яна иккита ҳожатхонаси бор эди. Уйнинг баландлиги қўшниларникидан ўтиб кетмаганди. Эски уй паст эди, эндигиси баравар бўлди.

Уй таъмирига яна икки ой кетди. Шундан сўнг у жиҳозланиб, яшаса бўладиган маконга айланди. Малоҳат Лобар билан бирга келиб кўрди. Янги уй унга жудаям ёқди. Ҳатто супурги олиб келиб ҳовлини супургиси келаётганини айтди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: