Халқаро жиноят суди Россия ҳарбий қўмондонларини ҳибсга олиш учун ордер берди
Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россия Аэрокосмик кучларининг узоқ масофали авиацияси қўмондони Сергей Кобилаш ва Қора денгиз флоти қўмондони Виктор Соколовни ҳибсга олишга ордер берди.
Улар 2022 йил 10 октябрдан 2023 йил 9 мартгача бўлган даврда Украинадаги уруш пайтида содир этилган жиноятларда гумон қилинмоқда.
«Икки гумонланувчи ўз қўмондонлиги остидаги кучлар томонидан камида 2022 йил 10 октябрдан 2023 йил 9 мартгача Украина энергетика инфратузилмасига уюштирилган ракета ҳужумлари учун жавобгар, деб ҳисоблаш учун асосли асослар мавжуд. Бу вақт ичида [Украинадаги] кўплаб электр станциялари ва нимстанцияларига Россия ҳарбий кучлари томонидан ҳужум уюштирилгани тахмин қилинмоқда», дейилади хабарда.
ХЖС дастлабки иш юритиш палатаси зарбалар фуқаролик объектларига берилгани ҳақида хулосага келган.
Кобилаш ва Соколов «фуқаролик объектларига ҳужум қилиш, тинч аҳолига ҳаддан ташқари тасодифий зарар етказиш ёки фуқаролик объектларига зарар етказиш, шунингдек, инсониятга қарши жиноятлар» бўйича гумон қилинмоқда.