Японияда зилзила оқибатида жабрланганлар сони 30 кишига етди
8 декабрга ўтар кечаси Япония шимолидаги Аомори префектурасида 7,5 магнитудали зилзила содир бўлди. Эпицентри Тинч океанида, 50 километр чуқурликда жойлашган бўлиб, ер силкиниши Аомори, Ивате ва Хоккайдо префектураларини қамраб олди.
Зилзила натижасида камида 30 киши турли даражада тан жароҳати олди. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ёки бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот йўқ, деб маълум қилди Япониянинг бош вазири Санаэ Такайчи. У фуқароларга одатдаги кундалик ҳаётини давом эттиришни тавсия қилиб, кейинги силкинишлар юз берса, дарҳол эвакуация чоралари кўрилишини таъкидлади.
Сейсмологлар томонидан Япония шарқий ва шимоли-шарқий соҳилларида цунами хавфи эълон қилинди, аммо энг юқори қайд этилган тўлқин 70 см ни ташкил этди ва ҳозирда барча ҳудудларда цунами огоҳлантиришлари бекор қилинган.
Зилзила туфайли темир йўл қатновида узилишлар юзага келди, жумладан, Шинкансен тезюрар поездлари вақтинча тўхтатилди. Атом электр станцияларида, жумладан Фукусима-1 АЭСда фавқулодда вазиятлар қайд этилмади.
Бош вазир Санаэ Такайчи мамлакат аҳолисини ҳушёр бўлишга чақирди ва келгуси ҳафтада эҳтиёт чораларини сақлаш муҳимлигини таъкидлади.
