U-23 Осиё кубоги: Бугун Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Жанубий Корея вакиллари билан баҳс олиб боради
Бугун, 13 январь куни Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё кубогидаги 3-тур доирасида майдонга тушади. Равшан Ҳайдаров шогирдлари бу сафар Жанубий Корея вакиллари билан баҳс олиб боради. Учрашув “Принс Фейсал бин Фаҳд” стадионида Тошкент вақти билан соат 16:30 бошланади.
Мазкур ёш тоифасида жамоалар сўнгги бор 2023 йилги Осиё ўйинлари ярим финалида ўзаро тўқнаш келган. Хитойда бўлиб ўтган ушбу учрашувда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 1:2 ҳисобида Жанубий Кореяга имкониятни бой бериб, мусобақани бронза медали билан якунлаган эди.
Маълумот учун, Саудия Арабистони мезбонлигида ўтказилаётган мусобақада Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 1-турда Ливанга қарши учрашувда Амирбек Саидов, Равшан Хайруллаев ва Сардор Баҳромовнинг голлари эвазига 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Иккинчи турда эса Равшан Ҳайдаров шогирдлари Эронга қарши баҳсда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Ҳозирда Ўзбекистон 4 очко билан “С” гуруҳида 2-ўринни эгаллаб турибди.
