Эронда вазият нотинч: одамлар Криштиану Роналдуга мурожаат қилмоқда. Сабаб эса…

Эронда вазият нотинч: одамлар Криштиану Роналдуга мурожаат қилмоқда. Сабаб эса…

Сўнгги кунлардаги нарх-навонинг ҳаддан ташқари тез ўсиши (айниқса озиқ-овқат ва ёнилғи), узоқ йиллардан бери давом этаётган халқаро санкциялар туфайли ишсизлик кучайган, миллий валюта (риал) қадрсизланиши ва бошқа қатор сабаблар фонида Эронда вазият анча таранглашди. Тинч аҳоли кўчаларга чиқиб, намошийлар ўтказа бошлади.

Аввал кичик-кичик гуруҳларда бошланган намойишлар, бугун бутун мамлакат бўйлаб кенгайиб кетди. Ҳукумат намойишларни мувофиқлаштиришга йўл қўймаслик ва содир бўлаётган воқеалар видеоларини дунёга чиқармаслик учун интернетни деярли тўлиқ ўчирган.

Фақат интернет эмас, балки телефон алоқаси ва ҳатто халқаро банк тизимлари ҳам чеклангани айтилмоқда. Намойишчиларнинг ёзишича, кечалари шаҳар кўчаларида атайлаб чироқлар ўчирилади. Бу намойишчиларни тарқатиб юбориш ва уларга қарши куч ишлатилганда видеога олиш имконини чеклаш учун қилинаётган тактика сифатида таърифланган.

Мазкур талатўп фонида кўплаб ижтимоий тармоқ фойдалнувчилари футбол юлдузи Криштиану Роналдунинг ижтимоий тармоқларидаги постларига ундан Эрондаги воқеаларга муносабат беришини сўраб изоҳлар ёзиб қолдираётганини кўришимиз мумкин.

Роналдудан одамлар нималар ҳақида сўрашмоқда?

Фойдаланувчиларнинг ёзишича, ҳукумат дунё билан алоқани узган. «Ҳозир одамлар ўлмоқда, мамлакат ташқи дунёдан узиб қўйилган. Оилалар интернетга кира олмаяпти», яна бир фойдаланувчи эса: «Ҳар кеча намойишчиларни қўрқитиш ва суратга олишни олдини олиш учун кўчаларда чироқлар ўчирилади» дея вазиятни тасвирлайган. Изоҳларда инсон талафоти ҳаддан ташқари кўплиги таъкидланмоқда. «Атиги икки кун ичида 12 000 одам ўлдирилди ва бу сон ўсишда давом этмоқда. Ўлим ҳолатлари бир неча кун ичида 20 000 дан ошди» дейилади. Юзлаб инсонлар машҳур футболчидан кўмак сўрамоқда: «Азиз Криштиану, илтимос, Эрон халқининг овози бўлинг. Сизнинг овозингиз миллионларга етиб боради». Португал тилида ёзилган мурожаатда эса: «Кўчалар қўрқув ва мажбурий сукунатга тўла. Сенинг биргина сўзинг, биргина кичик бирдамлик ишоранг улкан таъсирга эга бўлиши мумкин» дейилади.

Эронликлар дунё юлдузларидан нафақат маълумот тарқатишни, балки маънавий далда беришни сўрашмоқда: «Бизни бу оғир дамларда ёлғиз қолдирмаслигингизни чин юракдан сўраймиз». Фойдаланувчилар #digitalblockoutiran ҳештеги орқали дунёни интернет чекланган бир вазиятда уларга ёрдам беришга чақирмоқда. Айрим шарҳларда Эрон халқининг келажаги ва озодлиги учун сиёсий ўзгаришлар, хусусан, «Эрон халқи ўз қадр-қимматини тиклаш, озодлик ва қўрқувсиз яшашдан бошқа ҳеч нарса сўрамаяпти» деб таъкидланган. Мурожаатларнинг мазмуни шуни кўрсатадики, дунё юлдузларига қилаётган тинимсиз мурожаатлари — бу глобал сукунатни бузиш ва инсониятни юз бераётган фожиаларга бефарқ бўлмасликка чақиришдир. Бир сўз билан айтилганда, одамлар дунё юлдузларидан ўзларининг кўп миллионли аудиториясига Эрондаги реал вазиятни етказишни ўтинмоқда.

АҚШда жойлашган Human Rights Activist News Agency (HRANA) маълумотларига кўра, декабрь охиридан бошланган намойишлар давомида камида 2403 киши ҳалок бўлган, тахминан 18 минг нафар фуқаро ҳибсга олинган. Ослода жойлашган IHRNGO ташкилоти эса ҳалок бўлганлар сонини 3,4 минг нафар деб баҳоламоқда. Интернет алоқасининг чекланиши сабабли аниқ рақамларни белгилаш қийин экани таъкидланмоқда.

13 январь куни Детройт шаҳрига ташрифи чоғида Дональд Трамп Эрон халқига мурожаат қилиб, уларни намойишларни давом эттиришга чақирган ва «ёрдам йўлда» эканини айтганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: