Футбол. Кеча АПЛда сенсация рўй берди (Видеошарҳ)
Англия Премер-лигаси 23-турининг марказий ўйинида «Арсенал» Лондонда «Манчестер Юнайтед»га ютқазиб қўйди. Дастлаб 29-дақиқада Лисандро Мартинес ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Орадан бироз ўтиб, Мбеумо мувозанатни тиклади. 2-бўлимнинг 51-дақиқасида эса Доргу суперголга муаллифлик қилди. 84-дақиқада Мерино ҳисобни тенлаштирди. Бироқ 87-дақиқада захирадан майдонга тушган Куня ғалаба голига муаллифлик қилди, – 2:3.
Натижада «тўпчилар» 50 очко билан пешқадамлигини давом эттирмоқда. «МЮ» эса 38 очко билан 4-ўринга кўтарилди. Мазкур ўйинга қадар «тўпчилар» ушбу мавсумдаги барча мусобақаларни инобатга олган ҳолда ўтказилган 16 та уй учрашувида бир ўйинда кўпи билан битта гол ўтказиб юборган эди. Умумий ҳисобда бу даврда «Арсенал» ўз майдонида атиги 7 та гол ўтказган.
Маълумот учун, «Арсенал»нинг навбатдаги учрашуви ҳам ўз майдонида бўлиб ўтади. Лондон клуби Чемпионлар лигаси доирасида «Қайрат»ни қабул қилади.
«Манчестер Юнайтед» футболчиси Патрик Доргу Англия Премер-лигасидаги сўнгги учрашувларда юқори самарадорлик намойиш этмоқда. 21 ёшли даниялик футболчи АПЛдаги охирги 7 ўйинда 3 та гол уриб, 2 та голли узатма амалга оширди. Сўнгги турда Доргу чемпионатнинг 23-тури доирасида «Арсенал»га қарши учрашувда (2:3) гол муаллифига айланди. Аввалроқ у «Манчестер Сити» (2:0) ва «Нюкасл» (1:0) билан баҳсларда ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилган эди.
Қайд этилишича, дастлаб латерал сифатида майдонга тушиб келган Патрик Доргу сўнгги пайтларда вингер позитсиясида ҳаракат қилмоқда ва ҳужумда жамоасига муҳим ҳисса қўшяпти.
«Ўзимизни яхши томондан кўрсата олмадик, барчасини таҳлил қилиш, тушуниш учун бизга вақт керак бўлади. Биз яхшироқ ўйнашимиз керак эди, аммо ҳозир янада жипслашишимиз, ишлашда давом этишимиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз ва мағлубиятдан кейин ўзимизга келишимиз керак.
Биринчи бўлимда биз яхшироқ ҳаракат қилгандик, гол урдик ва ўйинни назорат қилдик, лекин етарлича хатоларга йўл қўйдик. Мувозанатни тиклашга муваффақ бўлдик, лекин рақиб дарҳол яна гол урди. Бу лигада ҳеч қачон осон бўлмайди ва биз буни яхши биламиз. «МЮ» билан ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик, деб ўйлагандим, учрашувни яхши бошлаб олдик, иккинчи бўлимда эса вазият ўзгарди.
Биз, албатта, яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди ва бундан сабоқ олиб, ишлашда давом этишимиз зарур. Ҳар бир ўйин – катта чақирув, футбол шуниси билан қизиқ. Ҳамон жадвалнинг энг юқорисидамиз, шундай экан, тезроқ ўзимизга келиб, йўлимизда давом этишимиз зарур», – дея Эдегор сўзларидан иқтибос келтирди Sky Sports.
«Манчестер Юнайтед» Англия Премер-лигасида «Арсенал»ни 7 ўйиндан кейин илк бор мағлуб этди. Манчестерликлар бунгача «тўпчилар»га қарши чемпионат доирасида 5 марта мағлуб бўлган ва бир учрашувда дуранг қайд этган эди.
Мазкур ғалабадан сўнг «Манчестер Юнайтед» АПЛ турнир жадвалида 38 очко билан 4-ўринга кўтарилди. «Арсенал» эса 50 очко билан чемпионат пешқадами бўлиб қолмоқда.
