Сирдарёда «Instagram» орқали фуқароларни чув тушириб келган 18 ёшли йигит қўлга олинди

Сирдарёда «Instagram» орқали фуқароларни чув тушириб келган 18 ёшли йигит қўлга олинди

Сирдарё вилоятида ижтимоий тармоқ орқали фуқароларни чув тушириб келган йигит қўлга олинди, деб хабар беради ИИВ Киберхавфсизлик маркази.

Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи 20 ёшли (аёл) Б.Х. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 2,4 миллион сўм миқдоридаги пул маблағи номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида яшовчи 18 ёшли М.А. содир этгани аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган М.А. «Instagram» ижтимоий тармоғи орқали “iPhone 12 рrо сотилади” дея ёлғон эълон жойлаштирган ва бу эълонга ишонган жабрланувчи Б.Х. билан телефон орқали гаплашиб, ишончига кирган. У олдиндан 2,4 миллион сўм миқдоридаги пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, аёлнинг қўнғироқларига жавоб бермай, қора рўйхатга киритиб қўйган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.А.нинг содир қилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: