«Қайғу йили»
Ҳазрати Хадича розийаллоҳу анҳо оғир касалликка чалиниб, ётиб қолдилар. Ўлимлари яқин эканини ҳис этиб турардилар. Бош тарафларида қизлари — Зайнаб, Фотима ва Умму Гулсум ўтиришди. Тўртинчи қизлари Руқаййа эса Ҳабашистонда эди. Ҳазрати Хадича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўнгги марта қарадилар. Мўминлар онасининг нигоҳларида соғинч ва қайғу, айрилиқ армони мужассам эди. Бироқ Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамизга жаннатда бирга бўлиш муждасини етказдилар (Ҳадид, 21). Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳмат кўз ёшлари оқди. Қалблари чуқур алам билан тўлиб тошди. Сабрли, мукофотларни Аллоҳдан кутгувчи мўмина аёллар билан дардлашиб Зайнаб, Умму Гулсум ва Фотима ҳам унсиз йиғладилар. Макка замонасининг саййида аёли Хадича бинти Ҳувайлид билан видолашди (Фажр, 27-30). Ҳазрати Хадича розийаллоҳу анҳо ва Абу Толибнинг вафотлари бир йилда содир бўлди. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу йилни «Қайғу йили» деб номладилар. Ҳазрати Хадича розийаллоҳу анҳо ҳижратдан тахминан уч йил олдин, олтмиш беш ёшларида вафот этдилар. Ҳожун қабристонига дафн этилдилар. Бутун қурайш қавми Ҳазрати Хадича розийаллоҳу анҳога ва Абу Толибга аза очди. Аллоҳ Хадича онамиздан рози бўлсин ва уни ҳам охират неъматлари билан рози этсин.
