Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуси билан имом-хатиблар фаолиятини баҳолашда замонавий тизим жорий этилади
Бугунги кунда диний соҳа ходимлари фаолиятида самарадорликни ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўз касбига бўлган садоқат ва фидоийликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари масъулиятини янада ошириш, фаолиятини таҳлилий асосда баҳолаш, меҳнатларини муносиб рағбатлантириш ҳамда заруратга кўра лавозим бўйича қарорлар қабул қилиш мақсадида KPI тизими жорий этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, KPI (Key Performance Indicator) — ташкилот ёки ходим фаолияти самарадорлигини баҳолашда қўлланиладиган асосий кўрсаткичлар тизими ҳисобланади. У шахс ёки муассасанинг белгиланган мақсадларга қай даражада эришганини аниқ кўриш имконини беради ҳамда жаҳон амалиётида турли соҳаларда самарали бошқарув мезони сифатида қўлланилади. Мазкур тизим вазифалар ижросини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш, масъулиятни ошириш ва фаолиятдаги камчиликларни ўз вақтида аниқлашга хизмат қилади. Бу эса диний-маърифий ишлар, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини янада самарали ташкил этиш имконини яратади.
KPI тизимининг жорий этилиши диний соҳада самарадорлик ва натижадорликни ошириш, жумладан, имом-хатибларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
