Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (87-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (87-қисм)

Бунақа ухлаш қайси эркак зотига ёқмайди, дейсиз? Фазлиддин кўзини юмди. Оёғи орқали бутун вужудига аллақандай ажиб бир роҳат кирди. У жилмайди ва бор-йўғи икки дақиқада ухлаб қолди. Эрининг пишиллаётганини кўрган Малоҳат жилмайди. Фазлиддиннинг юзидан ўпиб қўйиб, унинг ёнига бошини қўйди. «Ёш боладай», дея пичирлади унинг лаблари…

Манзил олис эди. Аммо эр-хотинга ўша олис манзил қандайдир яқин туйилди. Гуё кўз очиб юмгунча қишлоққа етиб боришгандай эди улар. Ҳолбуки, Тошкентдан чиққанларидан кейин нақ беш соат машинада юришди. Бир марта ҳам тўхташмади. Тўхтагилари келмади.

Фазлиддинга отасининг ранги сал синиқдай кўринди. «Ота, бирор жойингиз оғрияптими?» дея сўрамоққа бир-икки марта чоғланди. Бироқ ҳадди сиғмади. Бунинг ўрнига:

— Турон деган битта сиҳатгоҳ бор. Эшитишимга қараганда, жуда зўр эмиш. Шу бир-иккита йўлланма олсам, икковларингиз борасизларми? — дея онасини ҳам назарда тутиб айтди Фазлиддин Фармон акага.

— Эй-й, нима қиламан у ёқда мен? Бирор жойим оғримаётган бўлса. Отдай бўлсам. Вақтимни олади, — дея жавоб қилди ота.

— Отанг пенсияга чиққандан бери, шунгаям тўрт йилдан ошди, қўлини совуқ сувга урмай қўйган. Кеча-ю кундуз китоб ўқийди, — деди онаси.

— Ҳа, нима қилай яна? Мен ҳамма ишимни қилиб бўлдим. Бундан бу ёғига, керак бўлса, болаларингнинг ўзлари ишлашсин. Сен билан мени боқишсин. Менинг ҳали қанча қазо намозларим бор. Уларни ўқиб ҳали ярмигаям келмадим, — деди Фармон ака кампирига.

— Қазоларингизни ўқияпсизми? — дея сўради Фазлиддин хурсанд бўлиб.

— Ҳа, ўқияпман. Қўлдан келгунча. Бир кунда ўн кунни ўқишга ҳаракат қиляпман. Аммо ёшинг ўтиб қолгандан кейин қийин бўларкан. Лекин барибир ўқишга мажбурман. Чунки уларни менинг ўрнимга бошқа биров ўқиб бермайди. Эсиз, умримнинг жуда қатта қисмини намоз ўқимай ўтказиб юборган эканман. Энанггаям неча марта айтдим. «Менинг қазоларим сизникидан кам», дейди. Бемалол юрибди. Бир уришиб қўйсанг ўзинг, — деб Фармон ака ўғлига кўзини қисиб қўйди.

— Менми? — дея ростмана ажабланди Фазлиддин.

— Ҳазиллашдим, сенинг ҳаққинг йўқ. Шундай қилиб, бориб оёғимни узатиб ётишнинг сира иложи йўқ-да. Бир ўзимнинг ишларимни енгиллаштириб олай, ана ундан кейин бир гап бўлар. Ҳали анави трансформатор портлаб кетибди. Энди бир ҳафтага чироқ йўқ. Устаси Тошкентга кетибди. Бир ҳафтадан кейин келаркан. Ўзи, аслида, аллақачон портлаши керак эди. Барака топгурни ўрнатишганига қирқ йилдан ошди. У пайтлари узоғи билан ўттиз хўжалик фойдаланарди. Шунга мўлжалланганди. Ҳозир қишлоқда юз хўжаликдан кўп уй бор. Эски трансформатор нима қилиб беролади? Ҳалиям жони тошдан экан, шунча чидаб берди. Бу ёғи неча марталаб таъмирланди…

— Бошқа ўрнатиш керак, — деди Фазлиддин.

— Бошқа? Бошқаси қиммат туради.

— Шуни биз сотиб олсак-чи, ота?

Ота ҳайрон бўлган киши каби ўғлига қаради, сўнг:

— Аслида, яхши иш. Лекин бу қилганингдан кейин гап-сўз кўпайиб кетади. Илгари «фалончи спортчи» деб ҳамма ёққа овоза бўлган бўлсанг, бу қилганингдан кейин «фалончи бой» деган ном орттириб оласан. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Бировлар яхшиликдан гапирса, бошқалар сени ҳар бало деб ташлашлари мумкин.

— Ота, ими-жимида қиламиз-да. Мен, масалан, Тошкентдан шу матоҳни сотиб оламан-да, бу ёққа жўнатаман, сиз қабул қилиб олиб, тўртта монтёрга айтсангиз…

— Шошма, бўлмаса, бундай қиламиз. Сен электросетга жўнат. Мен бориб гаплашиб қўяман. Улар худди ўзларининг ҳисобларидан қилаётгандай бўлишади. Элнинг кўзида шундай бўлади-да. Ана, ҳоким айтди, дейишади, жуда тиқилинч келса. Хизмат ҳақлариниям бериб қўяман.

— Ана. Зўр бўлади. Аммо кейин мен сизнинг номингиздан яна бир иш қилмоқчиман.

— Қандай иш? — дея ўғлига тикилди Фармон ака.

— Асфальт. Қишлоқ йўлини асфальт қилсак. Яна ҳокимият қилди, деймиз…

— Тўхта, сен бунча пулни қаердан оляпсан?

— Биласиз-ку, ота, анча пул йиғилиб қоляпти. Мен пулни қўлим билан бермайман. Шартнома қиламан. Ўтказиб бераман.

Фармон аканинг ўпкаси тўлди. У дастурхонга термилган кўйи жим бўлиб қолди. Ичида, юрагидами, ўтидами, жигаридами қандайдир оғриқ турди. Бу оғриқнинг пайдо бўлганига анча бўлди. Бироқ у бировга ёрилмайди. Кўзини чирт юмиб очади. Оғриқнинг ўтиб кетишини кутади. Илгари дарров ўтиб кетарди. Энди эса оғриқ муддати чўзиляпти. Худди ҳозиргидай.

— Ота, рангингиз оқарди, — деди Фазлиддин хавотир олиб.

— Сенинг бу гапларингдан кейин оқармасдан, кўкарсинми? Майли, нима қилсанг қил. Лекин ўзинг четда тур, биров билмасин. Энанг ҳам. Малоҳатгаям оғиз очма. Аёл зоти ичида ҳеч нимани сақлаб туролмайди. Ундан кейин солиқчилар деган бир ҳалигидай жой борки, бир нима қилаётганингни кўриб қолса, бирдан текшир-текширни бошлаб юборади. Шунинг учун жуда эҳтиёт бўл. Яна савоб иш қиламан деб, бошқа ёққа равона бўлиб қолма.

— Бу ёғидан хавотир олманг, ота.

— Энди бор, жўраларинг билан ҳангома қил. Ўлигимизниям, тиригимизниям кўтарадиган шу қишлоқнинг одамлари. Тенгқурларинг. Улардан ажралиб қолма.

Фармон ака атайлаб ўғлини олдидан кеткизиш учун шундай деди. Илло, оғриқ баттар забтига ола бошлаган эди.

— Ҳа, хўп, — деб Фазлиддин ўрнидан турди.

Кетгиси йўқ эди. Тенгқурлари билан кўришишни, улар билан қаердадир ўтиришни истамаётганди. Шунчаки улар билан гаплашадиган гапи йўқдай эди унинг назарида. Шунга қарамасдан, Алишер уйидамикан, дея кўнглидан ўтказди у. Кейин Шокир эсига тушди. Шокирдан бир тайинли гап чиқмайди. Илгари ҳам чиқмаган, бундан кейин ҳам чиқмаса керак. Нуқул Фазлиддиннинг оёғи тойишини пойлайди. Гапларида шунинг нафаси уфуриб туради. Аммо, балки, ўзгаргандир, ҳар қалай, у ҳам улғайди. Армиядан келганида… Уста бўлиб кетган, деб эшитганди. Ғишт тераркан. Мижозлари кўп, қўли-қўлига тегмайди, дейишади. Эҳтимол, ҳозир уйидамасдир. Қаерлардадир усталик қилиб юргандир. Агар шундай бўлса, яна яхши, кейин Одилни ҳам чақирамиз…

Шундай хаёллар билан Фазлиддин кўчага чиқди. Ҳов, бундан беш-олти йил аввал кўчада, албатта, одам бўларди. Ҳеч қурса, биров ким молини етаклаб кетаётганига кўзингиз тушарди. Ҳозир эса ҳеч ким йўқ. Худди ҳамма кўчиб кетганга ўхшарди… Шамол турди, йўлдан чанг кўтарилди. У бир муддат шу чангга тикилиб турди. Кейин дўстининг уйи томонга кетди.

Алишер томорқасида эди. Беда ўраётганди. Қўли қаварганди. Ўроқ дастагининг ёрилган жойи бор эди. Айнан шу жой унинг қўлини қавартирганди. Лекин у бунга эътибор бермас, ўришда давом этарди. Бу иш унинг жонига тегиб кетганди. Бироқ ўриши керак. Ўрмаса, отасидан сўкишга қолади. Аммо қани энди иши унса.

— Ҳорманг, ака! — деди Фазлиддин.

Алишер қаддини ростлади. Сўнг бурнини тортиб қўйиб, ўроқни ўрилган беда устига ташлади.

— Эй-й, вақтида келдингиз-да! — дея жавоб қайтарди Алишер ич-ичидан севиниб. Чунки энди Фазлиддин баҳонасида бироз дам олади.

У дўстига пешвоз чиқмоқчи эди, бироқ Фазлиддин унамади. Ўзи унинг ёнига келди. Иккиси қучоқлашиб кўришди.

— Жўра, уйга кирамиз, — деди Алишер кўришиб бўлганларидан кейин.

— Ҳозир уйдан чиқиб келяпман. Шу ерда ўтирайлик, — деб Фазлиддин ўтирмоқчи бўлганди, Алишер қайтарди.

— Шимингиз кўкариб қолади. Кейин ранги кетмай бало бўлади.

— Ҳечқиси йўқ. Хотинга иш бўлади-да.

— Унда ўтиринг, — деб кулди Алишер.

— Уйидамикан, йўқмикан, деб хавотир олиб келаётгандим. Яхши, шу ерда экансиз. Зериккандим, — деди Фазлиддин.

— Бировни жўнатмабсиз-да, ўзим борардим. Ўзи, манави иш роса жонимга тегиб кетганди. Кечадан бери овораман. Отам ҳам олди-орқасига қарамай, роса беда экиб ташлаган. Ўзи тўртта мол бор. Биз бўлсак, қишин-ёзин шу тўртта мол билан оворамиз.

— Эрмак-да. Лекин мен шу битта беда ўрадиган аппарат ясаш керак, деб юрибман.

— Қани энди… Менга ўхшаганларнинг мақтовлари тагида қолиб кетардингиз… Ўзи, жўра, инсофданмас-да. Мен ўзимни шу тўртта мол учун яшаётгандай ҳис қиламан. Турсанг мол, ўтирсанг мол. Яна бирор ёққа борсанг ҳам, шу молни ўйлайсан, емиши берилдимикан, деб… Телевизорни кўпроқ кўриб қолсам, уйдагилар: «Молларниям тўғрисига битта телевизор қўйиб қўй, улар ҳам томоша қилиб туришсин», дейишади.

— Қойил! — деб Фазлиддин Алишернинг елкасига уриб қўйди.

— Яна бир янгилик бор, мениям уйлантиришмоқчи.

— Йўғ-э!

— Рост. Отам Маҳфузанинг энасига укол қилгани борган экан. «Шу кичкина қизингизни ўзим келин қиламан», дебди. Ана энди ҳаммаёқда дув-дув гап: «Алишер Маҳфузага совчи қўйибди. Иккаласи унаштирилибди…» Айтсам ишонмайсиз, жўра, Маҳфуза ўзини мендан олиб қочадиган бўлиб қолди.

— Ўзингиз-чи?

— Мен? Ростини айтсам, уларнинг уйлари томонга оёғим тортадиган бўлиб қолган. Лекин уйланиб олсам, кейин нима қиламан?

— Менга қаранг, уйда энг каттаси сизсиз. У ёғи тўртта укангиз, учта синглингиз бор. Тошкентга кетмайсизми?

— У ёқда нима қиламан?

— Ишлайсиз.

— Қаерда?

— Мен ўзим топиб бераман.

— Ўзи шу масалада сиз билан гаплашаман, деб юргандим. Қишлоқдан ўнтадан зиёд бола сизнинг ёнингизда. Келиб, катта ойлик оляпмиз, деб мақтанишади. Шу, сўрасам, менгаям бирорта иш бермасмикан, деб ўйлаб юргандим. Битта менмас, Шокир ҳам шундай деб юрибди.

— Сизнинг гапингизга-ку, ишонаман. Лекин Шокир менга итоат қилмаса керак.

— Ҳимм, бу томониям бор. Хўп, менга бирорта иш берасизми?

— Бор иш. Аллақачон бор эди. Қишлоқнинг шунча боласи борди. Ишлаяпти. Сизга умуман бошқача иш бор. Акамга ёрдамчи бўласиз. Бир ўзи додлаб юрибди. Улгуролмайман, дейди. Мениям ишлатмоқчи бўлади. Лекин мен тутқич бермайман. Баҳоналарим кўп-да.

— Бўлди, жўра, қачон кетамиз?

— Эртадан кейин, Худо хоҳласа. Унгача менинг бир-иккита қиладиган ишларим бор. Ҳали қайнотаникигаям бориб келишим керак. Гапираётганмиш. Илгари кўп келарди, Малоҳатга уйланганидан кейин қорасини кўрсатмай кетди, деяётганмиш.

Алишер кулди.

— Иш битган-да, тўғрими? — деди.

— Ҳа, битди. Лекин бормоқчи бўляпман. Аммо сира вақт тополмаяпман. Студентлигимда… айтмоқчи, мен ўқишни битириб бўлдим.

— Йўғ-э!

— Ҳа-а.

— Эй-й, қойил! Биз ҳали бирорта ўқишнинг ёнигаям борганимиз йўқ. Сиз бўлсангиз, битиришгаям улгурдингиз.

— Энди шундай бўлиб қолди-да.

— Юринг уйга. Икки пиёла чой.

— Йўқ, шу ерда яхши ўтирибмиз.

— Хушомад-пушомад қилай-да.

— Қўйинг, сизга ярашмайди. Бўлмаса, шу гап, жўра. Эртадан кейин эрталаб тайёр бўлиб туринг. Олиб кетаман, келишдикми?

— Бўлди. Мен манави ишларни дарров тугатиб ташлай, бўлмаса…

Фазлиддин дўстининг ёнидан бир қадар енгил бўлиб қайтди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: