Етарли диний билимга эга бўлмаган хола ва жиян уйида “ҳужра” ташкил қилиб, диний таълим бераётгани аниқланди!.. (Тезкор тасвирлар)
Тошкент вилояти ИИББ ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Зангиота тумани Чинор маҳалласида яшовчи 44 ёшли шахс ва унинг 65 ёшли холаси икки хонадонда яширин тарзда “ҳужра” ташкил этилгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизмати хабар қилди.
Улар етарли диний билимга ҳамда тегишли рухсатномага эга бўлмаган ҳолда ўз хонадонларида жами 15 нафар вояга етмаган болага ноқонуний диний таълим бериб келган. Жумладан, бир хонадонда 10 нафар, иккинчисида эса 5 нафар бола яшаш ва таълим олиш шароитлари билан жойлаштирилган. Шунингдек, ҳар бир бола учун ойига 1 миллион сўмдан 300 АҚШ долларигача миқдорда пул олгани ва айрим ҳолатларда болаларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан болаларни тарбиялаш ва таълим бериш мажбуриятларини лозим даражада бажармаган ота-оналарга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган бўлса, ноқонуний диний таълим билан шуғулланган икки нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 229(2)-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
