ЗУҲО – АВВОБИЙНЛАР НАМОЗИНИ ӮҚИШ ЁДИНГИЗДАН ЧИҚМАСИН!
1) Қуёш чиққанидан сўнг ўқиладиган намоз шариатимизда зуҳо, яъни чошгоҳ намози деб аталади.
2) Зуҳо намози икки ёки тўрт ракъат ёки ундан ҳам кўп ўқилиши мумкин. Зуҳо намозининг 4 ёки 8 ракат ёки ундан ҳам зиёда ӯқилиши ҳақида бир неча саҳиҳ ҳадислар ҳам мавжуд.
Қуйида шулардан айримларини келтириб ӯтамиз.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам зуҳо (чошгоҳ) намозини тўрт ракат ўқир эдилар. Аллоҳ хоҳлаганича ундан ҳам зиёда қилаверардилар».
(Муслим ривояти.)
Умму Ҳониъ бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Макка фатҳи куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, ювинаётган эканлар. Қачонки, ювиниб бўлганларидан кейин саккиз ракат намоз ўқидилар. Ана шу зуҳо намози эди».
(Бухорий ва Муслим ривояти.)
Хулоса шуки, Зуҳо намозининг энг ками икки ракатдир.
3) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари «Зуҳо» намозини – «Аввобийнлар», яъни «тавба қилувчилар намози» деб атаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«لا يحافظ على صلاة الضحى إلا أواب، وهي صلاة الأوابين» رواه ابن خزيمة والحاكم.
«Бирор ким Зуҳо намозини доимий ўқимайди, (магарам) тавба қилувчилар (аввобийнлар) бундан мустасно. Дарҳақиқат, у тавба қилувчиларнинг намозидир», дедилар.
(Ибн Ҳузайма ва Ҳоким ривояти. Ҳасан ҳадис.)
4) Зуҳо намози ӯқилишининг энг афзал пайти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«صلاة الأوابين إذا رمضت الفصال» رواه مسلم.
«Аввобийнлар намози ёш туялар оёғи қизиган пайтдир».
(Муслим ривояти).
Яъни, Зуҳо намозини ўқишнинг энг афзал вақти, қуёш юқорироққа кўтарилиб, чўққига чиқишидан бир оз олдинроқ бўлган вақтдир. Яна ҳам аниқроғи, пешин вақти киришидан бир оз олдинроқ ўқилади. Яъни кундузи соат 11:00 дан то 12:00 гача бӯлган вақт. Валлоҳу аълам.
