Самарқандда ноқонуний диний таълим берган шахс қўлга олинди
Самарқанд вилоятида эркак болаларга ноқонуний диний таълим бергани учун қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Фарғона вилояти Тошлоқ туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро Ургут тумани “Дўстлик” маҳалласида уй ижарага олиб, ҳужра ташкил қилган. У махсус диний маълумот ва рухсатномага эга бўлмасдан, моддий манфаат эвазига 2011–2016 йилларда туғилган 7 нафар ўғил болага диний сабоқ берган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 229-2-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов давом этмоқда.
