Илон Маск: «Пул ҳеч қачон бахт олиб келмайди!»
Илон Маск X ижтимоий тармоғида пул инсонни бахтли қила олмаслигини таъкидлаган пост қолдирди. Тадбиркор унгача ҳам кўплаб одамлар шу фикрни билдирганини эслаб, улар ҳақ бўлганини тан олди. Маск ўз хабарига ғамгин табассум ифодаловчи эможи қўшиб, ўзи ҳам айнан шу ҳолатни ҳис қилаётганини билдирди.
Бу фикр Маскнинг молиявий аҳволи кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилинаётган бир пайтда пайдо бўлди. Очиқ манбаларда келтирилишича, у яқинда 800 миллиард долларга яқин сармояга эга бўлган ва тарихдаги илк триллионерга айланиши мумкин бўлган шахс сифатида тилга олинмоқда.
Шу билан бирга, Илон Маскнинг шахсий ҳаёти ҳам мураккаблиги билан ажралиб туради. У турли муносабатлардан ўндан ортиқ фарзанднинг отаси ҳисобланади. Фарзандларининг тарбияси, уларнинг шахсий ҳаётини сақлаш билан боғлиқ масалалар эса вақти-вақти билан оммавий баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда.

Newsweek нашри таҳлилига кўра, айнан шу шахсий муаммолар улкан бойликка ва дунёдаги энг бадавлат инсон мақомига эга бўлишига қарамай, Маскнинг ўзини бахтсиз ҳис қилишига таъсир қилаётган бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, мазкур пост қисқа вақт ичида 34 миллион мартадан ортиқ кўрилган.
