Мамлакат меники!.. Сен эса меники!..
Қанча амалдорлар ишдан кетиб, қанчаси қамалиб кетяпти. Айримларининг қачон келиб, қачон кетганини ҳам биров билиб, биров билмайди. Аммо Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг кутилмаганда лавозимдан озод этилиши кечадан бери муҳокамалар марказида. Чунки Қамчибек Ташиев сўнгги йилларда ўзининг лидерлик салоҳиятини кўрсатиб қўйди. Мамлакат меники, деган масъулият билан ишга киришиб кетди. Унинг энг катта “хатоси” шу эди. Моҳиятан авторитаризмга мойил жамиятларда бир қадам олдинга чиқиб кетишнинг охири шундай бўлади.
Авторитаризмнинг характери шу: эркинликни чеклайди, сиёсий рақобатни йўқ қилади, мухолифат фикрни қатағон этади. Авторитар жамиятларда амалдорлар бир кишининг кайфиятига қараб ишлашга мажбур бўлади. Ҳеч ким мустақил эмас, ҳеч ким ташаббускор бўлолмайди. Ташаббус ва барча эзгу ишлар муаллифи фақат ўша киши саналади.
Ҳокимиятга бўлган муҳаббатнинг муқобили йўқ! Тарихда тахт учун ота ўғилни, ўғил отани қатл этишгача боргани ана шу муҳаббатнинг самараси. Бу муҳаббат олдида дўстлик, садоқат деган туйғулар сал нарироқ юради. Ҳазратим айтмиш:
Ўлдирур маҳрамни султон ганжни пинҳон айлагач…
Лекин дунё бундай қурилмаган. “Сиёсат фоҳиша аёлга ўхшайди”, деган гапларни сиёсий фоҳишаларнинг ўзлари ўйлаб топган. Пул ва ҳокимиятга бўлган чексиз муҳаббатни жиловлаб, адолатни байроқ қиладиган куч – иймон! Бунга тарихда мисоллар кўп… санасак гап кўпайиб кетади.
Алишер Назар
