Тезкорлар дала ҳовлидаги наркоцехни фош қилди

Тезкорлар дала ҳовлидаги наркоцехни фош қилди

Тошкент ва Андижон вилоятлари божхона бошқармаларининг Контрабандага қарши курашиш бўлимлари, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари ходимларидан иборат махсус тезкор гуруҳ томонидан синтетик гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланган йирик нарколаборатория фаолиятига чек қўйилди.

Кенг қамровли тезкор-қидирув тадбирлари давомида дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманида кузатувда бўлган шахс тўхтатилди. Текширув жараёнида унинг ёнидан 2 минг сўмлик купюрага ўралган 0,13 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилди.

Тезкор ҳаракатлар давом эттирилиб, ушбу шахснинг кўрсатмаси асосида Зангиота тумани ҳудудидан ўтувчи Тошкент катта ҳалқа йўли ёнида жойлашган омборхона кўздан кечирилди. У ерда 5 та металл ва пластик идишларда синтетик гиёҳвандлик ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган 900 литр прекурсор сақланаётгани аниқланди.

Тергов излари Андижон вилоятига олиб борди. Яна икки нафар шахс шубҳа остига олиниб, яширин кузатув ўрнатилди. Маълум бўлишича, улар турли манзиллар бўйича ерга кўмиб қўйилган 100 литр суюқ ва 25 килограмм кукун кўринишидаги прекурсорларни олиб, Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласидаги дала ҳовлига олиб боришган.

Мазкур дала ҳовли холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у ерда яширин нарколаборатория ташкил этилгани фош бўлди. Ҳовлида жами 26 килограмм “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси, шунингдек, номаълум кимёвий суюқлик шаклидаги 5 турдаги 590 литр прекурсорлар сақланаётгани маълум бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчилар ижтимоий тармоқларда “Саймон” тахаллуси билан танилган шахс кўмагида 15 минг 800 АҚШ долларига ушбу дала ҳовлини сотиб олиб, нарколаборатория ташкил қилган.

Тезкор тадбирлар якунида 26 килограмм “мефедрон”, синтетик гиёҳвандлик ишлаб чиқаришда қўлланиладиган қарийб 1,5 тонна прекурсор ва турли кимёвий суюқликлар ҳамда махсус ускуналар ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: